Logo

Ташқи ишлар вазирлиги вакили: Россия Ички ишлар вазирлигининг назорат остидаги шахслар реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси ўчирилди

Ноябрь 18, 2025. 20:15 • 4 дақ

566
Ташқи ишлар вазирлиги вакили: Россия Ички ишлар вазирлигининг назорат остидаги шахслар реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси ўчирилди

ТОШКEНТ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўтган ҳафта Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Ўзбекистондаги Россия Федерацияси Элчиси билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувда қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида Ўзбекистон ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти атташеси Темурбек Хамидов "Дунё" ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди:

­– Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди. Россияда меҳнат қилаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилаларига тааллуқли масалалар, жумладан, болаларнинг мактабгача ва мактаб таълимига кириш имкониятини сақлаб қолиш, оиласи билан бирга меҳнат фаолиятини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот жараёнида алоҳида эътибор миграция текширувлари ва рейдларга қаратилди. Ўзбекистон томони ҳар қандай ҳаракатлар адолатли ва инсон қадр-қимматини инобатга олиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини камситмаган ҳолда амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Томонлар Россияда фуқароларимиз ва уларнинг оилаларини хавфсиз ва қулай шарт-шароит билан таъминлаш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

– Ўзбекистон ТИВи меҳнат муҳожирлари учун имкониятларни кенгайтириш бўйича мақсадли иш олиб бормоқда. Меҳнат мигрантларини иш бошлашдан аввал тайёрлаш ва рус тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суҳбат чоғида тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қандай фикрлар айтилди?

– ТИВ хориждаги ҳамюртларимиз учун қулай шарт-шароит яратишдан ташқари, Россиядаги иш берувчилар билан биргаликда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва ўқув марказларини ташкил этиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Ташкил этилган учрашувда миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди.

Масалан, ҳужжатларни расмийлаштириш, чиқишдан олдин ўқитиш ва меҳнат мигрантларини тестдан ўтказишни уйдаёқ амалга ошириш, яъни Тошкент ва Жиззахдаги Россия олий ўқув юртлари филиалларида, рус тили, тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилигини ўргатиш бўйича ўқув марказларини ташкил этиш бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Бу эса Россиядан мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқитувчилар ва касб-ҳунар таълим тизимида ишчи мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.


Миграция сиёсати ва ҳамюртларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ТИВ ва Ўзбекистоннинг дипломатик миссияларига катта вазифалар юклайди. Ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилаяпти?

– Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи ТИВ ва унинг хориждаги муассасалари учун устувор вазифа саналади. Ўзбекистон фуқароси паспортига эга бўлган ҳар бир инсон хорижда давлат ҳимояси ва кўмагидан фойдаланади. Консуллик муассасалари мамлакатимиз фуқароларига нисбатан қандайдир ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик ёки уларни бартараф этиш учун барча чораларни кўради.

Меҳнат мигрантлари билан турли учрашувлар, жойларга чиқиш, миллий байрамлар муносабати билан ўтказилган маданий тадбирлар, фуқароларимизнинг хорижда қонуний бўлиб туришлари ва хорижий давлатларда белгиланган қоидаларга риоя қилишларига кўмаклашиш, миграция хизматлари билан турли даражадаги музокаралар ўз самарасини бермоқда.

Олиб борилган музокаралар жараёнида ҳудудий инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларига риоя этилишини таъминлаш, маошларни ўз вақтида тўлаш ва меҳнат низоларини ҳал қилиш юзасидан аниқ чоралар кўришга тайёр эканлигини билдирди. Шу мақсадда Россиядаги Ўзбекистон Элчихонаси ва бош консулхоналарининг веб-сайтларида керакли маълумотлар ва "Ишонч телефони"ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, барча бош консулхоналар қошида 24/7 режимида ишлайдиган колл-центрлар фаолияти йўлга қўйилди. Консуллик хизматларининг кўп қисми онлайн тарзда кўрсатилиб, бу фуқароларга консулхоналарга шахсан ташриф буюрмасдан ёрдам олиш имконини беради.

2025 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан 50 172 та мурожаат кўриб чиқилди. 3 246 нафар фуқарога ишга жойлашиш ёки ишда келиб чиққан меҳнат низоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатилди. 276 та иш берувчи билан музокаралар ўтказилди. 58 677 та янги иш ўрни аниқланди. 381 нафар фуқарога виждонсиз иш берувчилардан 309 918 АҚШ доллари миқдорида маошни ундиришда ёрдам берилди, 44 та потенциал иш берувчининг ишончлилиги текширилди.

1 323 нафар фуқарога иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган паспортлари қайтариб берилди. Оғир вазиятга тушиб қолган 552 нафар фуқарога 125 303 АҚШ доллари миқдорида молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Жорий йилнинг 1 январидан 10 сентябрига қадар миграция амнистияси жорий этилгани мазмунини фуқароларга тушунтириш, уларни белгиланган муддатларда миграция органларига мурожаат қилиш ёки Россиядан чиқиб кетиш билан ҳуқуқий мақомни тартибга солишга чақириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилди.

Россиядаги Ўзбекистон консуллик муассасаларига "Легализация" масаласи бўйича 84 409 нафар фуқаро мурожаат қилди ва уларга тегишли маслаҳатлар берилди.

Йирик корхоналар ва фуқаролар яшайдиган жойларда 221 та сайёр учрашув ташкил этилди, уларда тахминан 20 минг нафар ҳамюртларимиз иштирок этди.

Ноқонуний бўлиб турган фуқароларни паспортизация қилиш доирасида консуллик муассасалари томонидан 5 758 нафар фуқаронинг хориж паспортини расмийлаштириш учун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ҳужжатларини йўқотган ёки пулсиз қолган, шу жумладан, Россия ИИВнинг "Махсус ҳибисхона"ларида сақланаётган 1 929 нафар, жами 17 479 нафар фуқарога Ватанга қайтишда кўмаклашилди.

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш учун асосга эга бўлмаган 1 560 нафар фуқаро учун Ватанга қайтиш авиачипталари харид қилинди.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, назорат остидаги шахслар реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси чиқариб ташланган, шуларнинг 70 мингдан ортиғи миграция органларида ҳуқуқий мақомини тартибга солгани, қолганлари эса Россиядан белгиланган муддатларда чиқиб кетгани ёки бошқа сабабларга кўра.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш