Logo

Хьюстон Брендмен Жон Томас: Спорт ва миллий анъаналар уйғунлаштирган бундай мусобақада иштирок этиш менга роҳат бағишламоқда

Июнь 12, 2025. 17:36 • 2 дақ

39
Хьюстон Брендмен Жон Томас: Спорт ва миллий анъаналар уйғунлаштирган бундай мусобақада иштирок этиш менга роҳат бағишламоқда

ХИВА, 12 июн. /"Дунё" АА/. "Pahlavon Mahmud – Strongmen Games" халқаро турнирида иштирок этаётган австралиялик спортчи Хьюстон Брендмен Жон Томас "Дунё" АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон ва Хива шаҳрида ўтказилаётган мусобақалар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Турнир ва мамлакатингизда бўлиш менга жуда ёрқин ва ижобий таассуротлар қолдирмоқда. Меҳмонларни қабул қилишдан тортиб тадбирларни ўтказишгача қадар ҳаммаси юқори даражада ташкил этилган. Айниқса, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги мени ҳайратга солди – одамлар жуда самимий, илиқ ва очиқкўнгил. Бу ўзига хос муҳитда бўлиш чиндан ҳам ёқимли.


Ростини айтсам, сафардан олдин мамлакатингиз ҳақида кўп билмас эдим. Ҳаммаси мен ўйлаганимдан ҳам яхшироқ бўлиб чиқди. Мен Ўзбекистон билан танишганимдан жуда мамнунман ва дўстларим билан  юртингизга яна қайтиб келаман, деб ишонаман.


Спорт қисмига келсак, мусобақада ҳақиқатан ҳам кучли иштирокчилар жам бўлган. Билишимча, сўнгги беш йил давомида Эронлик Реза Гейтаси турнирни ютиб келмоқда ва у, албатта фаворит ҳисобланади. Аммо ўтган йилги натижаларига қараганда, литвалик спортчи Йокубайтис Аудрюс, иккинчи ўринни олган, у ҳам жиддий рақобат кўрсатмоқда. Умуман олганда, турнир жуда қизиқарли кечиши кутилмоқда – иштирокчилар даражаси юқори ва натижа кичик тафсилотларга боғлиқ бўлиши мумкин. Бу курашни нафақат биз спортчилар, балки томошабинлар учун ҳам жуда қизиқарли қилади.


Тадбирни ташкил этиш энг юқори баҳога лойиқ. Ҳар бир босқич – парвозларни брон қилишдан тортиб трансферлар ва меҳмонхонага жойлаштиришгача пухта ўйланган ҳамда мукаммал амалга оширилган. Бундай юксак эътибор мусобақада иштирокни янада ёқимли қилади ва фақатгина спортга эътибор қаратишга имконини беради.


"Қўқон араваси билан машқ" ҳақидаги таассуротларим билан бўлишмоқчиман. Бу машқ мен учун биринчи тажриба – илгари бундай араваларни ёки шунга ўхшаш конструкциялар билан машқ қилмаганман. Бу машқ нафақат жисмоний жиҳатдан қизиқарли, балки анъанавий, маданий маънога эга. Дастлаб, албатта, бироз қийин бўлди, маълум техника ва мослашув талаб қилинади. Аммо жараён давомида ритмни ҳис қила бошлайсиз, ҳаракат механикасини тўғри топасиз ва осонлашади. Бу ҳақиқий синов, аммо шу билан бирга жуда қизиқарли ва анъанавий. Спорт билан миллий анъаналарга ҳурматни уйғунлаштирган бундай мусобақада иштирок этиш менга роҳат бағишламоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш