Logo

Каха Имнадзе: Термизнинг маданий ва тарихий аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот учун ижобий имиж яратишга хизмат қилмоқда

Май 20, 2025. 17:21 • 4 дақ

123
Каха Имнадзе: Термизнинг маданий ва тарихий аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот учун ижобий имиж яратишга хизмат қилмоқда

АШХОБОД, 20 май. /"Дунё" АА/. БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе "Дунё" АА мухбири билан суҳбатда жорий йилнинг 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида ўтаётган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусидаги  Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди.

– "Термиз мулоқоти"нинг долзарблиги ва бугунги кунда ушбу платформага талаб қанчалик юқори?

– Термиз мулоқоти муҳим глобал иштирокчилар ўртасидаги қарама-қаршилик, минтақавий можаролар, иқлим ўзгариши оқибатлари, молиявий бозорларнинг беқарорлиги билан ифодаланган глобал беқарорлик шароитида Марказий ва Жанубий Осиё каби  катта ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга минтақалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича қўшма ечимларни ишлаб чиқиш платформаси бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


– Бугунги кунда, айниқса, глобал инқирозлар шароитида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш қанчалик муҳим?

– Глобал инқироз ва дунёда ўзаро боғлиқлик кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий элементи дейиш мумкин. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар умумий стратегик ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатларга инфратузилмани ривожлантириш, энергетика ва савдо алоқалари соҳасида тажриба алмашиш имконини ҳамда маданий ва сиёсий мулоқотлар учун платформа яратади. Шундай қилиб, яқин ҳамкорлик нафақат иқтисодий ўсишга, балки мамлакатлар ўртасида ишончни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.


– Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишонч каби ижобий тенденциялар Жанубий Осиё билан янада яқинроқ алоқаларга хизмат қила оладими?

– Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишончни ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳар йили ўтказиладиган учрашувлари бунинг ёрқин мисоли бўлиб, унда кенг кўламли масалалар муҳокама қилиниб, умумий позициялар ишлаб чиқилади. Марказий Осиё давлатларининг янада мувофиқлаштирилган ёндашуви, шубҳасиз, бошқа минтақалар, жумладан, Жанубий Осиё минтақаси билан муносабатларни ривожлантиришда ижобий омил бўлади.


– Марказий ва Жанубий Осиё алоқаларининг келажагини ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ролини қандай кўрасиз?

– Минтақалараро муносабатларни кенгайтириш истиқболлари, айниқса, бутун сиёсий миқёсда қабул қилинган ташаббуслар, хусусан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2021 йилда Тошкентда ташкил этилган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича конференция ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини алоҳида қайд этиш керак.


Шу нуқтаи назардан, БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази Ўзбекистон ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Минтақавий марказ 2021 йилги конференцияда фаол иштирок этди ва минтақада ишончни оширишга ҳисса қўшадиган Термиз мулоқоти ва бошқа ташаббусларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.


– Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари қандай ва уни ривожлантириш учун қандай қадамлар қўйилиши керак?

– Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик минтақавий ҳудудларнинг жадал ўсиши ва фойдаланилмаган улкан иқтисодий ресурслар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда салмоқли салоҳиятга эга. Ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қуйидаги чораларни кўриш керак:


-товар айланмасини яхшилаш имконини берувчи транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш;

-транзакция харажатларини камайтириш учун савдо ва божхона тартибларини уйғунлаштириш;

-қўшма инфратузилма ва энергетика лойиҳаларига инвестицияларни фаол жалб этиш, шунингдек, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш;

-ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш ва солиқ солиш тартибини соддалаштириш.


– CASA-1000, ТАПИ ва Трансафғон йўлаги каби лойиҳалар қандай сиёсий ва иқтисодий имкониятлар яратади?

– СаSА-1000, ТАПИ ва Трансафғон йўлаги каби лойиҳалар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида сиёсий ва иқтисодий интеграция учун кенг имкониятлар очади. Улар ортиқча электр энергиясини алмаштириш ва анъанавий энергия манбаларига қарамликни камайтириш орқали энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бу товарларни етказиб бериш муддатини қисқартиради ҳамда савдони рағбатлантиради ва логистика харажатларини камайтиради. Шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилади. Бу эса ўз навбатида, ҳудудларнинг иқтисодий ўсишига ва жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.


– Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришдаги ўрни ва имкониятлари қандай?

– Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ўзига хос геосиёсий мавқега эга ва мавжуд муаммоларга қарамай, минтақалараро алоқаларни ривожлантиришда транзит ва стратегик йўлак ролини ўйнаши мумкин. Мамлакатдаги вазият барқарорлашган тақдирда унинг инфратузилмасини яхшилаш ва хавфсиз транспорт йўналишларини яратиш Афғонистонни жаҳон савдо ва энергия тармоқларига интеграция қилиш имконини беради. Бу, шунингдек, минтақалар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаб, мамлакатни глобал ҳамкорлик тизимининг муҳим бўғинига айлантиради.


– Термизнинг бой тарихий ва маданий мероси бугунги кунда минтақавий алоқаларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлана оладими?

– Термиз Буюк ипак йўлидаги тарихий марказ сифатида ҳудудлараро интеграциянинг кучли механизми бўлиб хизмат қила оладиган бой меросга эга. Унинг маданий ва тарихий аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот учун ижобий имиж яратишга хизмат қилмоқда.


Ўтган йилнинг охирида Ҳаким ат-Термизий мақбараси, Фаёзтепа мажмуаси ва Термиз археология музейига ташриф буюрганимдан мамнун бўлганимни, бу ҳудуднинг тарихий аҳамиятини шахсан ҳис қилганимни алоҳида таъкидламоқчиман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш