Науаль Иброҳим Аҳмад Аль-Хатер: ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Ўзбекистонда ўтказилиши тасодифий эмас
Октябрь 29, 2025. 18:26 • 4 дақ
• 95
САМАРҚАНД, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Баҳрайн таълим вазири ўринбосари Науаль Иброҳим Аҳмад Аль-Хатер Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси арафасида "Дунё" АА учун интервью берди:

– Аввало, аэропортга тушганимизданоқ, бизни самимий кутиб олгани ва ажойиб ташкилотчилиги учун Ўзбекистон ҳукуматига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Менимча, ушбу тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш тасодифий эмас эди. Ўзбекистон ЮНЕСКО тамойилларига, хусусан, маданий меросни ҳимоя қилиш соҳасидаги мақсадларига содиқлигини намойиш этди.
Ўзбекистон моддий ва номоддий меросни сақлаб қолиш учун фаол иш олиб бормоқда. Мамлакат тарихий ёдгорликларни тиклаш ва сақлашга катта маблағ сарфлади, бу унинг маданий ва тарихий мерос масалаларига жиддий ёндашаётганидан далолат беради. Бу шунингдек, Ўзбекистоннинг таълим, маданият ва фан каби соҳаларда ЮНЕСКОнинг мақсадларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон нафақат ўзининг тарихий ва маданий меросини фаол ривожлантирмоқда, балки глобал тадбирларни ташкил қилиш қобилиятини ҳам намойиш этмоқда, бу эса ушбу форумни ўтказиш учун мамлакатни танлашнинг сабабларидан бири бўлди.
Маълумки, ЮНЕСКО ёшларни қарор қабул қилишда жалб қилишга катта аҳамият беради. Менимча, ёшлар бу жараёнда бошиданоқ фаол иштирок этишлари керак, чунки улар дунёнинг келажаги. Бу, айниқса, ушбу конференцияда муҳокама қиладиган таълим ва маданият каби соҳаларда муҳимдир. Ёшлар глобал муаммолар ва жараёнлардан хабардор бўлишлари ва ушбу муаммоларни ҳал қилишда иштирок этишлари, шунингдек, орттирган билим ва тажрибаларини келажак авлодларга етказишлари керак.
Шунингдек, сизнинг эътиборингизни ЮНЕСКО бош директор лавозимига номзодларга юқори талаблар қўйишига қаратмоқчиман ва ишончим комилки, янги бош директор ЮНЕСКОнинг муваффақиятли ишини давом эттириш учун барча зарур фазилатлар ва тажрибага эга. Миср вакилини бош директор лавозимига тайинланиши янгилик бўлиб туюлиши мумкин. Мен унинг ЮНЕСКОнинг таълим, фан ва маданиятга эътибор қаратган ҳолда асосий тамойилларини қўллаб-қувватлашига ишонаман. Дунёнинг қаерида бўлишимиздан қатъи назар, барча мамлакатлар ушбу асосий соҳаларнинг аҳамиятини таъкидлаш учун биргаликда ишлашлари шарт, деб ўйлайман.
ЮНЕСКО, шунингдек, барча учун инклюзив ва сифатли таълимни таъминлаш ва таълимни ривожлантиришга қаратилган Барқарор ривожланишнинг 7-мақсадига эришишга алоҳида эътибор қаратади. Мамлакатимизда биз ушбу мақсадга эришиш учун фаол иш олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон барчамиз учун бир хил даражада муҳим бўлган рақамли инклюзивлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, Баҳрайн "Таълимда рақамли кенгайиш" лойиҳасини, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам берадиган "Яшил мактаблар" лойиҳасини амалга оширди.
Ишончим комилки, ушбу конференцияда рақамли инклюзивлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва таълимда барқарор ривожланиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади. Барчамиз БРМга эришиш учун ишлаяпмиз ва умид қиламанки, ушбу тадбир янги ғоялар ва ечимларга илҳом беради.
40 йилдан сўнг биринчи марта Париждан ташқарида ўтказилаётган ушбу форум, айниқса, Самарқандда ўтаётгани аҳамиятлидир. Самарқанд ҳам моддий, ҳам номоддий маданий меросни сақлашга намуна бўладиган тарихий шаҳар. Бу шаҳарда тарихий ёдгорликларни сақлаш ва маданиятга ҳурмат билан ёндашиш биз конференцияда муҳокама қилаётган мавзуларни мукаммал даражада акс эттиради.
Мен Ўзбекистоннинг бу соҳада амалга ошираётган ишларини қадрлайман ва ушбу форум келажакда таълим, фан ва маданиятнинг роли бўйича глобал мулоқотда муҳим босқич бўлишига ишонаман.
Якун сўз ўрнида, ушбу ноёб имконият учун Ўзбекистонга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Биринчи кундан бошлаб менга маданиятингизнинг асл қадриятлари билан таништирган иккита ажойиб ўзбек вакили ҳамроҳлик қилди. Биз тарихий ёдгорликларни зиёрат қилдик, ўзбек маданияти ҳақида кўп нарсаларни билиб олдик ва ҳатто мазали таомларингизни татиб кўрдик. Ҳаммаси жуда мазали ва ажойиб.
Биз илгари Самарқандни видеоларда кўрган ва у ҳақида ўқиган бўлсак-да, фақат бу шаҳарга ташриф буюриш орқали унинг улуғворлиги ва тарихий аҳамиятини чинакам ҳис қилиш мумкинлиги тушундик. Ишончим комилки, Самарқандда бўлиш – бу кўп одамлар учун ноёб имконият ва менга ушбу қадим кентда эканлигимдан миннатдорман.
Яна бир бор Ўзбекистонга бу ажойиб имконият учун миннатдорчилик билдираман. Сиз бой маданий меросга эга ажойиб мамлакатда яшайсиз. Сизга муваффақиятлар, Самарқанд ва Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказиш орқали глобал эътибор марказига айланганидан фахрланишингизни тилайман. Ишончим комилки, ушбу форум таълим, фан ва маданиятнинг глобал контекстида муҳим из қолдиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда