Пак Ён Су: Сўнгги йилларда Ўзбекистон электрон ҳукумат соҳасида сезиларли ютуқларга эришди
Июнь 25, 2025. 17:10 • 2 дақ
• 106
САМАРҚАНД, 25 июнь. / "Дунё" АА/. Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги Халқаро маъмурий ҳамкорлик бюроси бош директори Пак Ён Су "Дунё" АА учун интервьюсида 23-25 июнь кунлари Самарқандда бўлиб ўтаётган БМТ Давлат хизмати форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Самарқанд шаҳри давлат бошқарувининг келажаги ҳамда глобал муаммоларга биргаликда жавоб бериш йўллари бўйича халқаро мулоқотда муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон ҳукумати давлат бошқарувининг замонавий шаклларини ривожлантириш, жумладан, электрон ҳукумат ва давлат сектори фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий этишга катта эътибор қаратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, БМТ Давлат хизмати форуми кўплаб мамлакатлар вакилларини бирлаштирган ажойиб платформа бўлди. Иштирокчилар долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва давлат институтлари фаолияти самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган қўшма қарорларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлдилар.
Мен Корея Республикаси вакилиман. Ўтган йили мамлакатимиз худди шундай конференцияга мезбонлик қилган эди ва менимча, бизда ўзаро бўлишишимиз мумкин бўлган кўплаб ўхшаш манфаатлар ва умумий вазифалар мавжуд. Ўзбекистон давлат соҳасида рақамлаштириш ва инновацияларга ҳар томонлама қизиқиш билдирмоқда ва бу йўналишларда мамлакатларимиз ўртасида яқин икки томонлама ҳамкорлик аллақачон йўлга қўйилган.
Форум кўп томонлама форматда – БМТ шафелигида ва Ўзбекистоннинг фаол кўмагида ташкил этилганига қарамай, у мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга ҳам улкан ҳисса қўшади. Бу давлат бошқаруви ислоҳотлари ва рақамли ечимларни жорий этиш соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир.
Ҳозирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратиш лозим,деб ўйлайман. Улар давлат хизматлари сифатини ошириш, уларни аҳолига яқинлаштириш, бюрократияни қисқартириш ҳамда фуқаролар ва давлат ўртасидаги рақамли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Мамлакатларимиз – Жанубий Корея ва Ўзбекистон аллақачон электрон ҳукумат соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Менимча, сўнгги йилларда Ўзбекистон бу йўналишда катта муваффақиятларга эришди. Ўзбекистон доимий ривожланишга интилишини намойиш этмоқда ва республиканинг халқаро тажрибага очиқлиги уни давлат хизмати келажаги ҳақидаги глобал мулоқотнинг муҳим иштирокчисига айлантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда