Пьер-Поль Антониссенс: Тошкент минтақанинг инвестицион имкониятлари ўрганиладиган жозибадор нуқтага айланмоқда
Июнь 11, 2025. 12:48 • 2 дақ
• 70
ТОШКЕНТ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. EDF (Éлестриситé де Франсе) компаниясининг Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Пьер-Поль Антониссенс (Франция) "Дунё" АА учун интервьюсида 10-12 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Мен ушбу форумда учинчи марта иштирок этяпман. У аллақачон Европа, Осиё, Америка, умуман олганда, бутун дунё инвесторлари учун муҳим учрашув майдонига айланиб улгурди. Бугун Тошкент минтақанинг инвестицион имкониятлари ўрганиладиган жозибадор нуқта сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақиқатан ҳам катта қизиқиш уйғотади.
Форумнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши жуда муҳим. Биз бу воқеани интизорлик билан кутдик. Франциялик кўплаб ҳамкасбларим иштирок этиш учун бу ерга келишди. EDF компаниясининг бош директори ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Бу форумга бўлган халқаро эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Бундан ташқари, тадбирнинг юқори савияда ташкил этилганлигини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Тадбир нафақат иштирокчиларнинг сессияларга қатнашиши, балки самарали мулоқот қилиши учун ҳам қулай тарзда ташкил этилган. Хусусан, ўзаро учрашувлар ўтказиш учун ҳам кўплаб шароитлар яратилган бўлиб, бу айниқса самарали бизнес нетворкинг учун ниҳоятда муҳим. Умуман олганда барча ташкилий масалалар жуда оқилона ўйланган.
Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардормиз. Ушбу ўзгаришларсиз компаниямиз бу ерда ишлаш имкониятини кўриб чиқмаган бўларди.
Ўзбекистон раҳбариятининг ислоҳотларни бошлаш ва изчил амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Албатта, бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз ва ўз тажрибамиз ҳамда таклифларимиз билан бўлишиш учун давлат тузилмалари билан ҳамкорлик қилишда давом этамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда