Россиядан муносабат: Бугун Фарғона водийси – чегарасиз ягона маконга айланди
Октябрь 16, 2025. 13:25 • 3 дақ
• 102
ФАРҒОНА, 16 октябрь /"Дунё" АА/. Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Марказий Осиё бўлими мудири Станислав Притчин "Дунё" АА учун интервьюсида 15-16 октябрь кунлари ўтаётган "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусидаги Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ҳақидаги фикрини билдирди:

– Бугун биз кўп жиҳатдан Марказий Осиёда кечаётган тарихий жараёнларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан буён Фарғона водийси анча зиддиятли ҳудуд бўлиб келган. Шубҳасиз, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва шахсий бўлиниш минтақа ва унинг иқтисодиёти учун жуда оғриқли бўлди. Биз 1990 йиллар ва 2000 йилларнинг бошларида кузатган жараёнлар – тўлақонли чегара постларининг барпо этилиши, чегараларнинг белгиланиши, сув ресурсларини тақсимлаш ва улардан фойдаланиш бўйича низоларнинг кучайиши – буларнинг барчаси, албатта, кун тартибида муҳим ўрин тутди ҳамда Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро муносабатларни кўп жиҳатдан белгилаб берди.
2016 йил бурилиш нуқтаси бўлди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан вазият бир кечада том маънода ўзгара бошлади. Олдин мавжуд бўлган барча салбий амалиётлар, хусусан чегара ўтиш жойлари очилди ва одамлар ўртасидаги алоқалар тикланди.
Аста-секин Фарғона водийсида умумий минтақавий макон вужудга келди. Бугун айтишимиз мумкинки, бу водийда жамланган минтақавий кучлар ва ҳукуматларнинг мажбуриятлари минтақани бирлаштирувчи салоҳиятни максимал даражада оширадиган чегарасиз ягона макондир.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч томонлама битимнинг имзоланиши яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашда, шунингдек, Марказий Осиё, хусусан, Фарғона водийсининг барқарор ривожланишига пойдевор қўйишда муҳим босқич бўлди. Бугунги форум Ўзбекистон минтақавий ривожланиш стратегиясини ҳамкорлик ва мулоқот орқали амалга оширишга тайёр эканининг яна бир тасдиғидир.
Фарғона водийсида жойлашган чегарадош вилоятларнинг ҳар учала раҳбарининг нутқини эшитдик. Улар ўз жамоалари ўртасида ажойиб шахсий муносабатлар ва самарали иш муносабатларини ривожлантиргани аниқ. Бу ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш учун институционал инфратузилма аллақачон яратилганидан далолатдир. Энди муҳокамаларни давом эттириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қолган қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни бартараф этиш қолади. Буларнинг барчаси ҳудуднинг ривожланиши ва ўзи чинакамига қодир бўлган марраларни забт этиш имконини беради.
Кўп нарса минтақавий ривожланиш стратегиясининг қандай амалга оширилишига боғлиқ. Чегараларни очиш ва чегара масалаларини ҳал этиш самарасини аллақачон кўриб турибмиз: ўзаро саёҳатлар кўпайди, сармоялар ошди, трансчегаравий савдо ўсмоқда. Кейинги қадам – "ўсиш нуқталари"ни яратиш: савдо ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш, шу билан янги иш ўринлари яратиш имконини берувчи воситалар ва лойиҳалар. Иқтисодиёт барқарор тинчлик ва бутун минтақанинг ривожланишига ҳисса қўшади.
Ягона виза ғоясига келсак, бу алоҳида, аммо жуда муҳим мавзу. Бу биринчи навбатда туризм салоҳиятини алмашишга қаратилган. Бундай ташаббус ҳақиқатан ҳам трансчегаравий саёҳатни ривожлантириши ва туристлар оқимини ошириши мумкин. Масалан, чет эллик сайёҳ Қирғизистонга виза олса, ундан Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам фойдаланиши мумкин. Бу, айниқса, Европа, Япония ва АҚШдан келган саёҳатчилар учун катта фойда бўлади, чунки бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатларга ташриф буюриш уларнинг минтақага бўлган қизиқишини оширади ва туризм даромадининг ошишига олиб келади. Бундай амалиёт аллақачон мавжуд – Шенген ҳудуди бунга мисолдир.
Саммитларнинг кўпайиши Евроосиё марказидаги муҳим субминтақа сифатида Марказий Осиёга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Минтақанинг йирик халқаро форум ва лойиҳаларда ягона иштирокчи сифатида иштирок этиши айни пайтда Марказий Осиё кўплаб глобал иштирокчиларнинг диққат марказида эканлигини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда