Туркия Буюк миллат мажлиси раиси: Ўзбекистон ва Туркия алоқалари қардошликдан ҳам юқори
Май 24, 2024. 11:47 • 5 дақ
• 375
ТОШКЕНТ, 24 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш "Дунё" ахборот агентлиги учун эксклюзив интервью берди.

– Ҳурматли Раис жаноблари, аввало, Сизни юртимизда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Ўзбекистонга хуш келибсиз.
– Хуш кўрдик.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Буни ҳар бир соҳа мисолида кўришимиз мумкин. Умуман, икки давлат алоқаларини қандай баҳолайсиз?
– Аввало, мен Ўзбекистонда эканлигимдан жуда хурсандман. Бу замин бизнинг ота юртимиздир. Ташрифим жуда самарали ва катта таассуротларга бой ўтмоқда. Бир қанча муҳим учрашувлар ўтказдик. Делегациямиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинганидан жуда мамнунмиз. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мулоқотларда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдик. Очиқ ва дўстона суҳбатлашдик.
Музокараларимиз ишчанлик руҳида ўтди, дейишга барча асосларимиз бор. Зотан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида барча соҳаларда мамлакатларимиз тараққиёти ва халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган яқин дўстона муносабатлар ўрнатилган. Бугунги кундаги алоқаларимизни қардошликдан ҳам юқори дея оламиз, чунки кўплаб масалаларда ҳамфикрмиз.
Президентлар Режеп Таййип Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев ўртасида қардошларга хос ва яқин дўстлик ришталари ўрнатилган. Уларнинг ўзаро мулоқотлари ва учрашувларида мавжуд масалалар жуда осон ечим топмоқда.
Жорий йилнинг июнь ойида Анқарада олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу йиғилишда шу вақтга қадар имзоланган келишувлар ва уларнинг ижроси кўриб чиқилади. Шунингдек, истиқболдаги икки томонлама мақсад ва вазифалар баён қилинади. Ҳозирги кунда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 3 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилаяпти. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 5 миллиард долларга, келажакда эса 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Ўзаро савдо муносабатларидан ташқари, маданият, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш кун тартибида турибди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан кечган мулоқотларда ҳам парламент дипломатиясининг барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда икки давлат ҳукуматлари кун тартибига қандай ҳисса қўшишимиз мумкинлигига алоҳида эътибор қаратдик. Якунда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси ва Туркия Буюк миллат мажлиси ўзаро биргаликда дўстлик гуруҳлари, парламентлараро махсус гуруҳларнинг ишини янада жадаллаштириш ва бошқа масалаларни келишиб олдик. Яқинда Ўзбекистон ва Туркия парламентлари ўртасида янгиланган ҳамкорлик шартномасини имзолаймиз. Туркия ва Ўзбекистон парламентлари ўртасидаги алоқаларга оид ҳужжат 2017 йилда қабул қилинган. Ушбу ҳужжатни ҳам бугунги кун талабларига жавоб берадиган даражада бойитиш зарурати пайдо бўлмоқда.
– Нима деб ўйлайсиз, муштарак тарих ва маданий меросга эга Ўзбекистон ва Туркия бугунги замонавий муносабатларда қайси соҳаларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблайди?
– Тўғри таъкидладингиз, ўзбек ва турк халқларини қадимий ришталар ўзаро боғлаб туради. Хусусан, Ўзбекистон қадим тарихга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи Ренессанс деб номлаган юксаклик дастурини катта қизиқиш ва диққат билан кузатиб боряпмиз. Бу ердаги тамаддун икки қанотли қушга ўхшайди. Жумладан, Ўзбекистон замини ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади. Иккинчи томонда эса Ўзбекистон Форобий, Ибн Сино, Беруний, Фарғоний, Хоразмий, Али Қушчи ва бошқа етук олимларни етиштирган улкан илм маркази сифатида шуҳрат қозонган юрт саналади. Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа кўплаб ислом оламида катта мавқега эга шахслар қолдирган маънавий хазина бугунги кунга қадар бутун мусулмон оламида кенг ўрганилмоқда. Аждодларингиз ҳар соҳада, яъни дунёвий ва диний илмда ҳам ниҳоятда юксак даражага эришган.
Зотан ўтмишда Мовароуннаҳр маданиятини буюк қилган, ниҳоятда нодир асарлар мерос қолдирилишини таъминлаган диёр бўлиши ҳам бу юртнинг алоҳида жиҳатидир. Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг раҳнамолигида Ўзбекистан қайтадан бу маданий меросга эришмоқда.
Дунёнинг ҳозирги ҳолатига қарайдиган бўлсак, бугун янги овозга, янги нафасга эҳтиёжи бор. Тарихи, илдизи, тили ва дини муштарак бўлган Туркия ва Ўзбекистон мазкур тамойилларни қабул қилган ҳолда биргаликда юқори натижаларга эришишига ишонаман. Ўзбекистонга ташрифим давомида буни кўришдан жуда мамнунман.
– Туркия Буюк миллат мажлиси тузилганига 100 йилдан ошди. Шу ўринда, Туркия Буюк миллат мажлиси ва Ўзбекистон Олий Мажлиси ўртасидаги алоқаларга тўхталсак. Бугунги парламентлараро ҳамкорлик даражасини қандай баҳолайсиз?
– Дарҳақиқат, Туркия Буюк миллат мажлиси ташкил қилинганига 100 йилдан ошди. Бир асрлик ўтмишимизда қанчадан-қанча ажойиб кунлар, ажойиб ютуқларни бошдан ўтказдик. Яна қанчадан-қанча синовли кунлар, етишмовчиликлар, тақчилликларни кўрдик. Буларнинг барчасидан муваффақиятли ўтиб, бугунги кунда Туркия дунёда ўз обрўси ва мавқеига эга мамлакатга айланди. Туркия Буюк миллат мажлиси сифатида биз Туркияда янги, фуқаровий конституция ишлаб чиқилиши шарт эканига ишонамиз. Бу борада Туркиянинг катта тажрибаси бор. Ушбу тажрибани Ўзбекистон томони билан баҳам кўришга тайёрмиз. Парламентлар жуда кучли бўлиши керак. Барча Туркий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бош мақсадимиздир.
– Икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Парламентлар икки давлат ўртасидаги инвестициявий муҳитни яхшилаш ва савдони осонлаштириш каби соҳаларга қандай ҳисса қўшмоқда?
– Ушбу соҳада жуда катта имкониятлар мавжуд. Юқорида айтиб ўтганимдек, икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 5 миллиард АҚШ долларига, кейинчалик эса 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Бу борада, аввало, ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришимиз, керак бўлса, бизнес муҳитини яхшилаш учун янги ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишимиз зарур. Айтмоқчиманки, ушбу соҳадаги алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқига, ўзбек қардошларимизга ўзимнинг чексиз ҳурматимни изҳор қиламан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда