Диене Кейта: Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришди

Май 13, 2026. 08:15 • 11 дақ

62
Диене Кейта: Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришди

ТОШКЕНТ, 13 май. /“Дунё” АА/. БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Диене Кейта Бухорода бўлиб ўтадиган иккинчи Осиё хотин-қизлари форумига ташрифи арафасида “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди:

– Ўзбекистон ёшлар улуши юқори бўлган демографик салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади ва ушбу имкониятдан самарали фойдаланиш учун фаол ҳаракатлар қилмоқда. Айтингчи, Ўзбекистоннинг демографик дивидендни амалга ошириш тажрибасини қандай баҳолайсиз ва ундан барқарор фойдаланишнинг асосий омиллари нималардан иборат?

– Ҳақиқатдан, Ўзбекистон ўз тараққиётининг энг муҳим демографик босқичида турибди. Мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг 55 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади.

Яқин ўн йилликларда аҳоли сонининг янада ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу демографик салоҳиятни ривожланиш, инновациялар ва инклюзив иқтисодий ўсишнинг кучли двигателига айлантириш учун катта имкониятдир.

Айниқса, Ўзбекистон ёшлар салоҳиятига сармоя киритишга жиддий интилишини намойиш этаётгани бизни руҳлантиради. Демографик ўзгаришлар бу ерда шунчаки бошқаришни талаб қиладиган муаммо эмас, балки стратегик устунлик ва миллий ривожланиш ресурси сифатида қаралади.

Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг имкониятини кенгайтириш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Қилинган меҳнат аллақачон натижа бера бошлаган. Энг муҳим ютуқлар орасида камбағаллик даражасининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайиши, шунингдек, сўнгги ўн йил ичида олий таълим билан қамровнинг қарийб беш баравар - 9 фоиздан 42 фоизга ўсиши бор.

UNFPA нуқтаи назаридан асосий хулоса шундан иборатки, демографик дивиденд ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни амалга ошириш учун ёшларнинг таълими, кўникмалари, саломатлиги ва бандлигига барқарор инвестициялар зарур.

Шу билан бирга, репродуктив саломатлик соҳасида мустақил равишда асосли қарорлар қабул қилиш имконияти таълимни давом эттириш, иқтисодий фаоллик ва ўзини намоён қилиш учун кенгроқ имкониятлар билан бевосита боғлиқ. Бундай имкониятларни кенгайтириш нафақат инсон ҳуқуқлари масаласи, балки инклюзив иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишнинг энг муҳим омилидир.

Яна бир асосий омил – қарор қабул қилиш учун сифатли маълумотларнинг мавжудлиги. Айнан маълумотлар демографик салоҳиятни ривожланишнинг реал натижаларига айлантириш учун асос бўлади. 2026 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлар муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистон учун бу тарихий воқеа бўлди.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларидан кейин маълумотлар қайта ишланиб, таҳлил қилингандан сўнг таълим тизими, соғлиқни сақлаш, иш ўринлари, уй-жой, инфратузилма ва бошқа йўналишларда аниқ рақамлар чиқади. Бу рақамлар ижтимоий ҳимоя бўйича айнан одамлар яшайдиган, эҳтиёжлар энг юқори бўлган ва келажакдаги имкониятлар шаклланадиган жойларга кенг сармоя киритишга ёрдам беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон тажрибаси катта умид уйғотади. Мамлакат демографик жараёнларни барқарор ривожланиш омилига айлантириш учун ҳам сезиларли демографик салоҳиятга, ҳам ислоҳотларнинг зарур динамикасига эга. Бугунги кунда ҳар бир ёшга, айниқса, хотин-қизларнинг ўқиши, ишлаши, ҳаётий қарорлар қабул қилиши борасида мақсадли ишлар бажарилмоқда. Энг муҳими, мамлакатининг келажагини шакллантиришда ёшлар фаол ва тўлақонли иштирок этмоқда.

– Сўнгги йилларда UNFPA кўмагида Ўзбекистонда оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилди. Сизнингча, бугунги кунда Ўзбекистондаги қандай ёндашувлар ва инновациялар бундай хизматлар сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятини, айниқса, ҳудудлардаги аёллар учун энг самарали тарзда ошириш имконини беради?

– Ўзбекистон оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишни асосий устувор йўналишлардан бирига айлантирди ва натижалар аллақачон кўзга ташланмоқда. Оналар ўлими 2010 йилдаги ҳар 100 минг тирик туғилган чақалоққа тўғри келадиган 21 ҳолатдан 2025 йилда 10,9 ҳолатгача камайди. Бугунги кунда деярли барча туғруқлар малакали тиббиёт ходимлари иштирокида амалга оширилмоқда. Бу, айниқса, ҳар йили бир миллионга яқин бола туғиладиган мамлакат учун жуда муҳимдир.

Ўзбекистон алоҳида чора-тадбирларга эмас, балки миллий стандартлар ва тиббиёт кадрларини тайёрлашдан тортиб, ускуналар билан жиҳозлаш, рақамлаштириш, оилани режалаштириш ва онкологик касалликлар скринингигача бўлган бутун тизимни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда UNFPA оналикни муҳофаза қилиш ва перинатал ёрдам тизимини модернизация қилиш, жумладан, клиник стандартларни янгилаш, шошилинч акушерлик ёрдамини такомиллаштириш ва мамлакат туғруқ муассасасига ҳаётий зарур ускуналарни етказиб беришни қўллаб-қувватлади. Жамғарма дастурлари доирасида 18 мингдан ортиқ тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди. Мамлакат бўйлаб 40 мингдан ортиқ мутахассислар учун янгиланган акушерлик ва перинатал протоколлар жорий этилди.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, хусусан, Миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформаси муҳим аҳамият касб этади. UNFPA қўллаб-қувватлаётган ислоҳотлар, жумладан, дори-дармон захираларини бошқаришнинг янги тизимлари эҳтиёжларни аввалдан аниқлашга ёрдам беради. Бу эса дори-дармон етишмовчилигининг олдини олиш ва айниқса аёллар учун зарур тиббий маҳсулотларни вақтида етказиб бериш имконини яратади. Шунингдек, телетиббиёт хизматлари орқали олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аёллар учун туғруқдан олдинги кўриклар ва она саломатлиги бўйича маслаҳатларни уйига яқинлаштириш мумкин.

Оилани режалаштириш энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. 2023 йилдан буён UNFPA Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик доирасида бутун мамлакат бўйлаб замонавий контрацепция воситаларидан фойдаланиш имконини кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Бу дегани, тобора кўпроқ аёллар ва оилалар ўз саломатлиги ва келажаги ҳақида онгли қарорлар қабул қилиш имконига эга бўлмоқда.

2024 йилда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига қарши курашни кучайтириш бўйича қабул қилинган муҳим қарор алоҳида эътиборга лойиқ. Бу аёллар репродуктив саломатлигини давлат сиёсати даражасига кўтаришда сезиларли ютуқ бўлди.

Ҳозирги кунда бирламчи тиббий ёрдам тизимида профилактика, эрта аниқлаш ва скрининг хизматлари кенгайтирилмоқда. Бу эса кўплаб касалликларни вақтида топиш ва даволаш имконини оширмоқда. Ушбу чоралар инсон ҳаётини сақлаб қолиш, аёллар саломатлигини яхшилаш ҳамда мамлакатнинг барча ҳудудларида сифатли тиббий хизматдан тенг фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатадики, сиёсий ирода инсонлар, технологиялар, маълумот, билим ва ҳамкорликка тизимли инвестициялар билан қўллаб-қувватлангандагина ҳақиқий тараққиётга эришиш мумкин.

Жамғармамиз ҳар бир аёл, қаерда яшашидан қатъи назар, нафақат оналик ва репродуктив саломатлик соҳасида сифатли хизматлардан фойдаланиш, балки ўз саломатлиги бўйича мустақил қарор қабул қилиш имконига эга бўлиши учун ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади. UNFPA учун аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ҳамда танлов эркинлиги ҳар доим муҳим бўлиб келган.

– Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада эришилган натижаларни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришди. Бу масалалар бугунги кунда нафақат ижтимоий муаммо, балки барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва миллий тараққиётнинг асосий элементи сифатида қаралиши айниқса муҳимдир.

Шунингдек ўқинг

Энг муҳим босқичлардан бири оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши бўлди. Бу ислоҳотлар босқичма-босқич амалиётга жорий этилиб, самарали механизмлар ва хизматлар орқали ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарлигида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ҳимоя хизматларини бирлаштирган, мувофиқлаштирилган ҳамда жабрланувчилар манфаатларига йўналтирилган тизим шакллантирилмоқда.

UNFPA мамлакатда қайта йўналтириш механизмларини такомиллаштириш, жавоб беришнинг стандарт тартиб-қоидаларини жорий этиш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда олдинги сафда ишлаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва юқори баҳолайди. Инклюзивликка эътибор ортиб бораётгани, хусусан ногиронлиги бўлган аёллар ва қизларнинг ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш хизматларидан тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш йўналишидаги ишлар ҳам олқишланади.

Яна бир муҳим йўналиш – профилактика. Ўзбекистонда зўравонликка барҳам бериш учун зарарли ижтимоий меъёрлар ва стереотипларни ўзгартириш зарурлиги тобора кенгроқ англаб етилмоқда.

Биргаликдаги ишлар доирасида маҳаллалар, ёшлар, эркаклар ва ўғил болалар, диний етакчилар, парламент аъзолари ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш янада кучайтирилмоқда. Бу жуда муҳим, чунки аёлларга нисбатан зўравонлик фақат индивидуал хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ҳокимиятнинг тенгсиз муносабатлари ва камситувчи ижтимоий қарашлар билан ҳам боғлиқ бўлиб, уларни биргаликда бартараф этиш зарур.

Албатта, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп – айниқса молиялаштириш, амалий ижро, хизматлар сифати ва узоқ муддатли профилактика соҳаларида. Бироқ йўналиш аниқ: Ўзбекистон ҳар бир аёл ва қиз зўравонлик ва камситишсиз яшайдиган, тенг имкониятларга эга бўладиган ҳамда ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара оладиган жамиятнинг мустаҳкам асосларини яратмоқда.

– Бухорода иккинчи Осиё хотин-қизлари форумида иштирок этасиз. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини илгари суришда ушбу форумнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз ва бу борада қанақа амалий натижаларга эришиш мумкин?

– Бухорода ўтказилаётган Иккинчи Осиё хотин-қизлари форуми шунчаки минтақавий тадбир эмас. Бу келажакдаги аёллар етакчилигини шакллантириш, Осиё ва ундан ташқарида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун муҳим халқаро майдондир.

Форум аста-секин аёллар ҳуқуқлари ва инклюзив ривожланиш масалалари бўйича доимий ҳамкорлик платформасига айланиб бораётгани бу соҳадаги тараққиётни жадаллаштириш учун тажриба ва ғоялар алмашиш муҳимлигини кўрсатади.

Форум ғоят муҳим даврда ўтмоқда. Бугунги кунда Осиё мамлакатлари кенг кўламли демографик, иқтисодий, технологик ва ижтимоий ўзгаришларга дуч келмоқда. Бундай шароитда аёллар ва қизларга сармоя киритиш нафақат тўғри қарор, балки барқарор ривожланиш, жамиятлар барқарорлиги ва тинчликка энг самарали сармоялардан биридир.

Мен форумни мулоқот аниқ ҳаракатларга айлана оладиган макон деб биламан. У сиёсий етакчилар, парламент аъзолари, экспертлар, халқаро ҳамкорлар, фуқаролик жамияти вакиллари, ёшлар ва етакчи аёлларни қарорлар алмашиш, ҳамкорликни шакллантириш ва амалий мажбуриятларни илгари суриш учун бирлаштиради.

UNFPA учун ушбу тадбир алоҳида аҳамиятга эга. Чунки биз демографик жараёнлар, соғлиқни сақлаш ва гендер тенглиги ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалаларида глобал тажрибага эгамиз. Биз мамлакатларга маълумотларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқишда ва аёллар ҳамда ёшларнинг имкониятларини кенгайтирувчи тизимларни мустаҳкамлашда ёрдам берамиз. Форумда биз ушбу устувор йўналишларни одамлар ҳаётини яхшилайдиган амалий ечимларга айлантириш бўйича муҳокамаларда иштирок этмоқдамиз.

Шуни тан олиш керакки, хотин-қизлар ҳамон минтақада ҳам, бутун дунёда ҳам инсон капиталининг амалга оширилмаган энг йирик манбаи бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, гендер тенглиги шунчаки мақсад эмас, балки ўсиш, барқарорлик ва умумий фаровонлик учун имконият очадиган демографик дивиденд ҳисобланади.

Хотин-қизларга сармоя киритиш ҳар қандай давлат қилиши мумкин бўлган энг оқилона сармоядир. Аёллар ҳуқуқлари ва танлови ривожланиш сиёсатининг марказий элементига айланса, жамиятлар янада барқарор ва фаровон бўлади.

Шунингдек, мен форумнинг янги долзарб масалаларга эътибор қаратаётганини олқишлайман. Жумладан, аёлларнинг инновациялар, технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги иштироки, шу билан бирга рақамли технологиялар орқали аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётгани муҳим мавзу сифатида кўтарилмоқда. Жамиятларимиз тобора рақамлашиб бораётган бир пайтда, аёллар ва қизларнинг интернетдаги ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиши керак.

Умид қиламанки, тадбирнинг амалий натижалари минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, янги сиёсий мажбуриятларни қабул қилиш, аёллар ва қизларга инвестицияларни кўпайтириш, аниқ қўшма ташаббусларни ишга туширишдан иборат бўлади.

Ишончим комилки, форум якунлари бўйича қабул қилинадиган Бухоро декларацияси гендер тенглик фақат тор соҳавий масала эмас, балки миллий тараққиёт, инсон капитали ва жамият барқарорлигининг муҳим стратегик омили эканини яққол кўрсатади.

UNFPA Ўзбекистон ҳукумати ва ҳамкорлари билан биргаликда ушбу муҳим форумнинг ҳаммуаллифи эканидан фахрланади ва мамлакатнинг бундай улкан ва келажакка йўналтирилган минтақавий ва халқаро мулоқотни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.

– Ўзбекистонга ташрифингиз UNFPA билан ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётган шароитга тўғри келмоқда. Ушбу ташрифдан қандай натижалар кутаяпсиз ва келажакда ҳамкорликнинг яна қанақа йўналишларини ривожлантириш мумкин?

– Мамлакатингизга ташрифим Ўзбекистон ва UNFPA ўртасидаги ҳамкорлик нафақат кўлами, балки стратегик мақсадлар даражасида ҳам жадал ривожланаётган муҳим бир даврга тўғри келмоқда. Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайман ва ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан.

UNFPA Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва бу йил ўзининг олтинчи мамлакат дастурини ишга туширди. Ушбу дастур юқори мақсадлари, инсон капиталига йўналтирилган инвестициялари ва мамлакатнинг миллий устувор йўналишлари билан тўлиқ уйғунлиги билан ажралиб туради.

Менинг асосий умидим – Ўзбекистондаги ислоҳотлар одамлар, айниқса аёллар, ёшлар, оилалар ва маҳаллий ҳамжамиятлар ҳаётини қандай яхшилаётганини бевосита кузатишдир. Шу билан бирга, келгуси йилларда UNFPA мамлакат устувор йўналишларини қандай самарали қўллаб-қувватлаши мумкинлигини яхшироқ англаш учун давлат идоралари, парламент аъзолари, фуқаролик жамияти вакиллари, ёшлар ҳамда халқаро ҳамкорлар билан учрашишни интизорлик билан кутаман.

Ўзбекистон ҳозир тараққиётининг муҳим босқичига кирмоқда. Мамлакат инсон капиталига сармоя киритмоқда, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамламоқда, аёллар имкониятларини кенгайтирмоқда, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилмоқда, тарихий аҳолини рўйхатга олиш жараёнини якунламоқда ва демографик барқарорлик масалаларини давлат сиёсатининг марказига қўймоқда. Шу соҳаларда UNFPAнинг глобал тажрибаси маълумотларга асосланган сиёсат, инклюзив ривожланиш ва узоқ муддатли барқарор режалаштиришни қўллаб-қувватлаш орқали сезиларли фойда келтириши мумкин.

Ташрифимнинг асосий ғояси аниқ: UNFPA Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори сифатида фахрланади. Биз ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, инсон капиталига сармоя киритиш ва барча учун соғлом, тенг ҳуқуқли ҳамда барқарор келажакни барпо этиш йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интиламиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш