Logo

"Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар Шанхай шаҳридаги халқаро кўргазмада намойиш этилди

Май 24, 2025. 13:25 • 2 дақ

83
"Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар Шанхай шаҳридаги халқаро кўргазмада намойиш этилди

ШАНХАЙ, 24 май. /"Дунё" АА/. Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган "SIAL Shanghai" халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасида Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Кўргазма майдонида мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Хитойнинг "Shanghai Indra Bonded E-commerce Services Co., Ltd." компанияси томонидан Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди.

19-22 май кунлари Шанхай Янги халқаро кўргазма марказида бўлиб ўтган тадбирда 75 мамлакатдан 5 мингдан ортиқ ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

"Made in Uzbekistan" бренди остида намойиш этилган юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар кўргазма иштирокчилари ҳамда меҳмонларида катта таассурот қолдирди. Хусусан, Ўзбекистон павильонидан озиқ-овқат, салқин ичимликлар, ширинликлар, заъфарон, дон маҳсулотлари ва сопол идишлар жой олди.

Республикамиз стендига Шанхай шаҳар Халқ ҳукумати аъзолари, кўплаб маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ташриф буюрди. Улар юртимиз маҳсулотларига катта қизиқиш билдириб, маҳсулотлар сифат ва талаб жиҳатдан юқори даражада эканини алоҳида қайд этишди.

        Тадбир Ўзбекистон маҳсулотларини нафақат Хитой балки дунё бозорига чиқишига, хорижий ҳамкорлар билан яқин алоқа ўрнатишга хизмат қилди.

"SIAL China 2025" Шанхайда бўлиб ўтадиган Осиёдаги энг йирик озиқ-овқат саноати халқаро кўргазмаларидан бири ҳисобланади. Кўргазма "Comexposium" компанияси томонидан ўтказилади. "SIAL China" дунёдаги энг йирик озиқ-овқат истеъмолчиси бўлган Хитой бозорига кириш учун асосий платформадир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш