Logo

Ўзбек компаниялари йирик халқаро кўргазмада иштирок этди

Ноябрь 30, 2025. 11:00 • 2 дақ

158
Ўзбек компаниялари йирик халқаро кўргазмада иштирок этди

ДУБАЙ, 30 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг “Infinity Copper Group” ҳамда “Sharq Tubes” компаниялари Дубай шаҳрида ўтказилган “Big 5 Global” халқаро электротехника ва қурилиш материаллари соҳаси кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Big 5 Global” кўргазмаси 1979 йилда Дубайда ташкил этилган бўлиб, қурилиш соҳасида дунёда энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Бу галги тадбирда 250 мингдан ортиқ ташриф буюрувчи, 500 та спикер, 5 мингта экспортёр ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

Халқаро кўргазма доирасида мис қувурлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Infinity Copper Group” ҳамда саноат учун пайвандлаш мосламалари ишлаб чиқарувчи “Sharq Tubes” компаниялари БАА, Кувайт, Қатар, Ҳиндистон каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан экспорт-импорт шартномалари имзолаш бўйича фикр алмашди. Ўзбекистон тадбиркорлари учун халқаро бозорларда имкониятларни кенгайтириш, Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё бозоридан харидорлар топиш бўйича тегишли таклифлар берилди

Ўзбек компаниялари вакиллари БААга экспортини ошириш мақсадида “Gulf O Flex” дистрибуция компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш, тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва миллий маҳсулотларни экспорт қилишга келишиб олди.

Шу билан бирга, “Sharq Tubes” компанияси БААда пластик сув идишларидан синтепон ишлаб чиқариш йўлга қўйиш истагини билдирди ва хомашё сотиб олиш бўйича эҳтиёжи борлигини билдирди. Элчихона томонидан ўзбек корхонасига кўмак кўрсатиш мақсадида БААнинг “Tadweer” ва “Beeah Group” каби йирик компаниялар билан учрашув ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш