Ўзбекистондан Ҳиндистонга тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Январ 17, 2024. 20:18 • 2 дақ

348
Ўзбекистондан Ҳиндистонга тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

ДЕҲЛИ, 18 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси, Ҳиндистон-Марказий Осиё жамғармаси ва "Right Advisors Pvt. Ltd." компанияси вакиллари ўртасида онлайн шаклдаги музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, ишлаб-чиқариш тармоқларини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Аграр соҳада етиштирилаётган маҳсулотларнинг юқори сифати ва бетакрор таъми, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилишда хорижий компаниялар билан самарали ҳамкорлик қилиш учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳитига алоҳида урғу берилди.


Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Сардор Аббосхонов Ҳиндистон бозорига ўзбек заминида етиштирилган сархил мева-сабзавотлар ва улардан тайёрланган тайёр маҳсулотларни етиштириб бериш ҳажмларини ошириш истиқболларига эътибор қаратди, бу борадаги амалий таклифларни илгари сурди.


"Right Advisors Pvt. Ltd." компанияси бошқарувчи директори Ҳиманшу Бансал ва Ҳиндистон-Марказий Осиё жамғармаси директорининг ўринбосари Капил Моҳан Кумар Ўзбекистонда етиштирилган ва тайёрланган маҳсулотлар юқори сифати ва экологик тозалиги билан ажралиб туришини таъкидлади. Ҳиндистон бозорида уларни тарғиб қилиш ва илгари суриш, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий талаблар даражасида қадоқлаш, сақлаш ва етказиб бериш юзасидан ўз фикрларини билдирди.


Томонлар Ўзбекистондан Ҳиндистонга товарлар экспорт қилишда транспорт-логистика ва тариф масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашди, ушбу мамлакатнинг турли шаҳарларида ўзбек маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш учун омборхоналар ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш