Logo

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Малайзиядаги халқаро кўргазмада намойиш этиляпти

Сентябрь 19, 2025. 16:29 • 2 дақ

72
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Малайзиядаги халқаро кўргазмада намойиш этиляпти

КУАЛА-ЛУМПУР, 19 сентябрь. /"ДунёАА/. Жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтаётган XXI Малайзия Халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмасида (MIHAS) илк бор Ўзбекистон павильони намойиш этилмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Павильон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Савдо-саноат палатаси қошидаги "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖ ва мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Бу йилги "MIHAS" кўргазмасида дуёнинг 70 га яқин давлатидан 2 мингдан ортиқ ҳалол саноатида ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компаниялар ўз павильонлари билан иштирок этмоқда.

Хусусан, мамлакатимизнинг 10га яқин озиқ-овқат корхоналари ва экспортчилари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда. Жумладан, мазкур халқаро кўргазмада нафақат мамлакатимиз балки дунё бозорларини тобора эгаллаб бораётган "EximAgro", "Frutata", "UzKand", "Zomin Asali", "Paradise", "Delice", "Foodmaxx" каби таниқли брендларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этиляпти.

Ўзбекистондан келтирилган сархил мевалар кўргазманинг маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларида катта таассурот қолдирди.

Тўрт кун давом этадиган тадбир мамлакатимиз корхоналарига Малайзия ва бошқа хорижий давлатларнинг чакана савдо тармоқлари, улгуржи савдо ва импортёр компаниялари вакиллари билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш имконини беради.

Кўргазмага Малайзия ва дунёнинг 70дан ортиқ мамлакатидан жами 45 мингдан зиёд меҳмонлар ташриф буюриши ҳамда умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд савдо битимлари имзоланиши кутилмоқда.

"MIHAS"– бу Малайзияда ҳар йили ўтказиладиган халқаро миқёсдаги энг йирик ҳалол маҳсулотлар кўргазмаcи ҳисобланди. Шунингдек, у бутун дунё бўйлаб ҳалол саноатининг асосий иштирокчиларини бирлаштирувчи муҳим платформа ҳамдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш