Ўзбекистон Буюк Британиядаги етакчи тўқимачилик кўргазмасида иштирок этиш учун таклиф этилди
Июль 21, 2025. 07:20 • 2 дақ
• 74
ЛОНДОН, 21 июль. /"Дунё" АА/. Буюк Британия пойтахтидаги "Olympia" марказида тўқимачилик соҳасида Европадаги энг нуфузли кўргазмалардан бири – "Source Fashion" бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бир йилда икки бор ўтказиладиган мазкур кўргазма "Hyve Group" томонидан ташкил этилади. Унда дунёнинг турли минтақаларидан келган йирик брендлар, чакана савдо тармоқлари ва ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган ҳолда, тўқимачилик соҳасида барқарор ҳамкорлик ва таъминот занжирларини йўлга қўйишга эътибор қаратилади.
Бу сафарги тадбир ҳам иштирокчилар ва меҳмонлар билан гавжум бўлди. Уч кун давом этган кўргазмада 25 та мамлакатдан 250 га яқин ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирок этди.
Бундан ташқари, "Source Fashion" доирасида мода намойишлари ва соҳадаги замонавий тенденциялар, барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларига оид долзарб мавзулар юзасидан очиқ муҳокамалар ва экспертлар иштирокидаги дебатлар ўтказилади. Ушбу тадбирлар иштирокчиларга нафақат ўз маҳсулотларини намойиш этиш, балки соҳа мутахассислари билан фикр алмашиш ва халқаро тенденциялар билан танишиш имконини ҳам беради.
"Source Fashion" тадбирларида мунтазам равишда "John Lewis", "Next2, "Asos", "Primark", "Marks&Spencer" ва Британиядаги бошқа йирик ритейлер компаниялар топ-менежерлари қатнашиб, янги таъминотчилар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади.
Соҳа мутахассисларига кўра, 2024 йилда Британия 22,5 миллиард қийматидаги тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилган. Ҳозирги геосиёсий тарангликлар, ҳамда Хитой ва Туркия каби анъанавий ишлаб чиқариш марказларида харажатларнинг ошгани туфайли, янги етказиб берувчилар учун катта имкониятлар очилмоқда.
Кўргазма ташкилотчилари Ўзбекистон вакилларини 2026 йил 13-15 январь кунлари ўтказиладиган навбатдаги "Source Fashion" ярмаркасида миллий павильон билан иштирок этишга таклиф қилмоқда.
Ушбу кўргазмада иштирок Ўзбекистон компаниялари учун ўз маҳсулотларини Европа бозорида илгари суриш, янги экспорт шартномаларини имзолаш, ҳамкорлик доирасини кенгайтириш ва замонавий тенденциялар билан танишишга кенг йўл очади. Шунингдек, бу вакилларимиз учун ўз маҳсулотининг халқаро стандартларга мувофиқ эканини намоён этиш ва глобал таъминот занжирида муносиб ўрин эгаллаш имкониятини яратади.
Ли Росборо, "Hyve" компаниясининг йирик мижозлар бўйича директори:
– Ўзбекистон компаниялари учун Буюк Британия бозорига кириш бўйича катта имконият пайдо бўлган. "Source Fashion" – бу Буюк Британиядаги "private label" (буюртмачи бренди остида ишлаб чиқариладиган) бозорига олиб борувчи дарвоза ҳисобланади.
Кўргазма изчил кенгайиб бормоқда ва унда 25 та давлатлар иштирок этмоқда. Ҳар бир иштирокчи мамлакат ўзининг миллий павильони билан қатнашяпти. Тадбирга Буюк Британиянинг етакчи бренд ва чакана савдо тармоқлари ҳам юқори қизиқиш билдиряпти.
Ўзбекистон вакиллари учун ушбу кўргазмада иштирок этиш ва миллий маҳсулотларни Буюк Британия бозорига экспорт қилиш имкониятини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кувайтда ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди
АҚШнинг энг йирик савдо тармоқларида ўзбек озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади
2025-йилда Ўзбекистондан Кувайтга 50 тоннадан ортиқ ҳўл ва қуруқ мевалар экспорт қилинди
Кувайтга илк бор 23 тонна қора майиз экспорт қилинди