Logo

Покистоннинг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бурчаги ташкил этилади

Декабрь 10, 2024. 15:35 • 2 дақ

218
Покистоннинг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бурчаги ташкил этилади

ИСЛОМОБОД, 10 декабрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари Иброҳим Эргашев бошчилигидаги делегациянинг Покистонга сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Юртимиз делегацияси таркибидан қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланувчи компания раҳбарлари ва масъул ходимлари ўрин олган.

Покистон озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқоти вазири ўринбосари Нилофар Ҳафиз ва савдо вазири ўринбосари Мария Кази билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Якунда ўзаро манфаатли бўлган истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ўзаро экспорт ва импорт маҳсулотлари рўйхатини кенгайтириш орқали савдо айланмаси ҳажмини ошириш, мунтазам равишда фитосанитария хизматлари ўртасида учрашувларни ташкил этиш ва рухсатномалар расмийлаштириш механизмларини янада соддалаштириш, Покистон супермаркетларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бурчагини ташкил этишга келишилди.

Шунингдек, ўзаро ахборот алмашиш, жумладан фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни етказишда электрон ва рақамли платформалардан фойдаланиш борасида аҳдлашиб олинди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи ва логистика-транспорт хизматларини кўрсатувчи Покистоннинг 30 дан ортиқ йирик компания вакиллари иштирокида G2B ва B2B шаклларида учрашувлар ўтказди.

Тадбирда ўзаро маҳсулотларни етказиб бериш тартиби, шартномада акс эттириладиган муҳим қоида ва мажбуриятлар, тўлов усуллари, логистика ва сақлаш омборларига оид масалалар хусусида батафсил маълумот алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш