“Hello Magyar”: Ўзбекистон хорижий IT-компаниялар учун имкониятларни кенгайтирмоқда

Ноябрь 28, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 56
“Hello Magyar”: Ўзбекистон хорижий IT-компаниялар учун имкониятларни кенгайтирмоқда

БУДАПЕШТ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Hello Magyar” онлайн нашрида “Ўзбекистон IT-бизнес лойиҳаларини ишга тушириш тизимини соддалаштирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, хорижий компаниялар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, IT-хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинган.

Мақолада ёзилишича, 2026 йилда “IT Park Uzbekistan” резидентлари сони 4,2 мингдан ошган. Бу кўрсаткич 2017 йилдаги 147 та компанияга нисбатан 28 баробар кўпдир. Уларнинг 1,2 мингдан ортиғи хорижий капитал иштирокидаги компаниялар ҳисобланади.

Муаллиф хорижий инвесторлар учун компанияни рўйхатдан ўтказиш, солиқ ҳисобига қўйиш ва банк ҳисобварағини очиш жараёнларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, IT Park томонидан тақдим этиладиган “One Stop Shop” хизмати орқали ушбу жараёнларни масофадан туриб амалга ошириш ва маъмурий масалаларда мутахассислар кўмагидан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган.

Хорижий компанияларнинг дастлабки харажатларини камайтиришга қаратилган “Incentives” дастури имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилган. Унга кўра, экспортга йўналтирилган компаниялар офис ва зарур ускуналар билан таъминланиши, ходимларни танлаш ва ўқитиш харажатларининг бир қисми қопланиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Дастурда иштирок этиш учун янги иш ўринлари бўйича минимал талаб 20 тадан 10 тагача камайтирилган. Белгиланган шартларга жавоб берадиган иш ўринлари учун иш ҳақи фондининг 10–15 фоизини компенсация қилиш механизми ҳам назарда тутилган.

Мақолада IT Park резидентлари учун тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари ва хорижий мутахассислар учун яратилган шароитлар ҳам муҳим рақобат устунлиги сифатида кўрсатилган.

Нашрда Ўзбекистоннинг IT-хизматлар экспорти географияси кенгайиб бораётгани ҳам алоҳида таъкидланган. Айни пайтда IT Park резидентлари 105 та мамлакатга рақамли маҳсулотлар ва IT-хизматлар экспорт қилмоқда.

“Hello Magyar” Ўзбекистонни хорижий технологик компаниялар учун қулай шарт-шароитларга эга бўлган, IT-хизматлар экспорти жадал ривожланаётган ва минтақавий технологик марказга айланиш салоҳияти юқори давлат сифатида эътироф этган.

Мақолада компанияларни рўйхатдан ўтказишдан тортиб, кадрларни жалб қилиш, солиқ имтиёзлари, экспорт ва стартапларни молиялаштиришгача бўлган имкониятларнинг ягона тизим сифатида шакллантирилаётгани Ўзбекистоннинг халқаро IT бозоридаги жозибадорлигини ошираётган муҳим омил сифатида баҳоланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш