“Интерфакс” АА: Ўзбекистон ва Иордания стратегик шериклик ўрнатиб, 19 та ҳужжат имзолади
Ноябрь 28, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 106
МОСКВА, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи якунлари ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Агентликнинг қайд этишича, Аммонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон Президенти ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан комплекс “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қўшма чора-тадбирларни кўришга келишиб олдилар.
Савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик тармоғи, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш ҳамда Тошкент ва Аммон, шунингдек, Самарқанд ва Петра шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Агентлик маълумотига кўра, имзоланган ҳужжатлар энергетика, экология, сув ресурсларини бошқариш, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, ҳуқуқий ёрдам, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
Муаллиф Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси эътирофи сифатида икки давлат етакчилари бир-бирларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаганини қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси