Аммандан муносабат: Олий даражадаги саммит доирасида эришилган келишувлар Иордания ва Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадларига мос келади
Ноябрь 28, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 51
АММАН, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иордания матбуот уюшмаси вице-президенти, “Ad-Dustur” нашри бош муҳаррири ўринбосари, Туризм медиаси ассоциацияси президенти, Араб туризм медиаси иттифоқи президенти Авни ад-Довуд “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Ташриф сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликка янги суръат бағишлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи 2025 йил август ойида Подшоҳ Абдулла IIнинг Ўзбекистонга давлат ташрифидан бошланди. Ўтган даврда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 80 фоизга ошди, Қўшма ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди. Аммон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиб, фуқароларнинг ўзаро сафарлари учун виза тартиби бекор қилинди.
Ташриф доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, умумий қиймати 1,5 миллиард долларига тенг бўлган 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режаси эълон қилинди. Икки мамлакат ўртасида турли соҳаларни қамраб олган 18 тага яқин битим ва англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон–Иордания бизнес-форуми ҳам амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим майдон бўлди. Унда икки мамлакатнинг 150 га яқин компанияси ва 250 дан ортиқ вакили иштирок этиб, янги инвестициявий ташаббуслар, савдо ва ишлаб чиқариш соҳасидаги шериклик имкониятларини муҳокама қилди.
Давлат раҳбарлари музокаралари якунида қабул қилинган Қўшма баёнотда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кончилик, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм ва сув ресурслари каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Айниқса, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг аҳамияти катта бўлиб, у товар айирбошлашни кўпайтириш ва икки мамлакат бозорларига ўзаро кириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлигининг стратегик аҳамияти нафақат икки томонлама савдо ҳажмини ошириш, балки минтақавий иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда ҳам намоён бўлади. Ўзбекистон Иордания учун Марказий Осиё бозорларига чиқишда муҳим инвестициявий дарвоза бўлиши мумкин. Иордания эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Араб кўрфази ва Яқин Шарқ бозорларига кириб боришида муҳим шерик вазифасини бажаради.
Келгусида Ақаба махсус иқтисодий зонасида тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, кончилик, уран қазиб олиш ва фармацевтика саноатида ҳамкорликни йўлга қўйиш катта истиқболларга эга.
Энг муҳими, эришилган келишувлар икки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадларига ҳамоҳангдир. Улар Иорданиянинг “Иқтисодий модернизация нигоҳи – 2033” дастури ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси