Logo

Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Британия бозорини забт этмоқда

Июнь 27, 2025. 18:04 • 55 сония

88
Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Британия бозорини забт этмоқда

ЛОНДОН, 27 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ўсимликлар ҳимояси ва карантини агентлиги раҳбарияти ҳамда мамлакатимиздаги етакчи экспортёр корхоналар вакилларидан иборат делегациянинг Буюк Британияга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур сафар юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Британия бозорига киришини таъминлаш мақсадида уюштирилди.

Сафар давомида 21-22 июнь кунлари Лондонда ўтказилган "Ўзбекистон маданият ва миллий таомлари" фестивали доирасида "Ўзбекистон маҳсулотлари" савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбирда хориж томонига намуналар тақдим этиш мақсадида Лондонга 2 тоннадан ошиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва мевалар олиб келинди. Фестивалга келган 35 мингдан зиёд меҳмонлар, шу жумладан ишбилармон доиралар вакиллари ўзбек маҳсулотларининг сифатига юқори баҳо берди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Лондонда жойлашган йирик улгуржи бозорлар ҳамда мева-сабзавот импорти билан шуғулланувчи компаниялар омборларида бўлди. Британия бозор конюктураси, мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ва сифат талаблари ўрганилди.

Шунингдек, Ўзбекистон элчихонасида алоҳида бизнес-форум ташкил этилди. Мазкур тадбирга Британиянинг 25 дан ортиқ йирик импортёр, савдо-сотиқ, логистика, хизмат кўрсатувчи компаниялари вакиллар қатнашди.

Ўтказилган тадбирлар ва учрашувларда британиялик салоҳиятли компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди ҳамда дастлабки экспорт келишувларига эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш