Кувайтда Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказилди
Октябрь 02, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 83АЛ-КУВАЙТ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Кувайтга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортчилардан иборат бизнес делегациянинг хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Кувайтнинг 15 та озиқ-овқат маҳсулотлари импортёри ва йирик трейдерлари билан музокаралар ўтказилиб, экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулотларни етказиб бериш ва логистика масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувларда гўшт ва музлатилган маҳсулотлар, қандолатчилик маҳсулотлари, қуритилган мевалар ҳамда дуккакли маҳсулотларни Кувайт бозорига етказиб бериш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, “Abrar Universal Group” ва “Alyasra Foods” компаниялари вакиллари билан гўшт ва музлатилган маҳсулотларни экспорт қилиш шартлари, маҳсулот сифати, ҳажми, қадоқланиши ва логистикаси бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди. Шу билан бирга, “World Sweets” компанияси ва “Zarqand” ҳамда “Krember” корхоналари ўртасида қандолат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.
“Souq Adan”, “Go Fresh”, “Cozmo Central Food” ва “SAF Kuwait” компаниялари билан Ўзбекистон маҳсулотларини Кувайт бозорига олиб кириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Озиқ-овқат улгуржи савдосига ихтисослашган “Ariana Advanced General Trading” компанияси билан қуритилган мевалар, дуккакли ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича музокаралар натижасида “Amax Exim” МЧЖ билан Меморандум имзоланди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири рақамли савдони ривожлантириш бўлди. Кувайтнинг “Alhafed National” компанияси билан ўтказилган давра суҳбатида ўзбек маҳсулотларини электрон савдо каналлари орқали Кувайт истеъмолчиларига етказиш масалалари кўриб чиқилди.
Октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган “Yeeb” электрон тижорат платформасида Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус бўлим ташкил этилгани экспортчилар учун янги онлайн савдо имкониятларини яратади. Шу мақсадда экспортчиларни платформага босқичма-босқич интеграция қилиш ва маҳсулот каталогларини шакллантириш режалаштирилмоқда.
Ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Alhafed National” компанияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми, “Amax Exim” ва “Chortoq Mineral Water” корхоналари билан экспорт йўналишида меморандумлар имзоланди. Кувайтда ўзбек маҳсулотлари савдо уйини ташкил этиш имкониятлари ҳам ўрганилди.
Экспортни кўпайтиришда транспорт-логистика йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Навоий” халқаро аэропорти вакиллари Кувайтнинг “Beyout Holding”, “KRH” ва “Sky Aviation Service Group” компаниялари билан авиакарго ташувларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.
Хусусан, тез бузилувчан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гўшт ва музлатилган маҳсулотларни қисқа муддатларда етказиб бериш, шунингдек, юкларни транзит ва қайта тақсимлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Кувайтга ташкил этилган бизнес ташрифи Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг ушбу бозордаги иштирокини кенгайтириш учун янги амалий механизмларни шакллантирди.
Тўғридан-тўғри бизнес алоқалари, имзоланган меморандумлар, электрон савдо платформасига чиқиш ва авиакарго йўналишидаги ҳамкорлик экспорт ҳажмларини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг Кувайт бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



