Logo

Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди

Октябрь 17, 2026. 17:00 • 3 дақ

• 70
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди
Токиода илк бор халқаро мода кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди

ТОКИО, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Токио шаҳридаги “Tokyo Big Sight” кўргазма мажмуасида бўлиб ўтган “FaW TOKYO (Fashion World Tokyo)” халқаро мода ва тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмасида илк бор миллий павильон билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси маълумотларига кўра, дунёнинг 20 та давлатидан 800 га яқин компания қатнашган мазкур нуфузли тадбирда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари, пойабзал, сумкалар, аксессуарлар, матолар, шунингдек, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва экологик ечимлар намойиш этилди. Кўргазмага жами 20 мингдан зиёд киши ташриф буюрди.

Ўзбекистон миллий павильони остида бешта маҳаллий корхона — “Sam Rafoat Tekstil”, “Vodiy Expo”, “Imron Textile Group”, “Miranza Home Textile” ва “Shan-Teks” ўз маҳсулотлари билан қатнашиб, япон ва хорижий мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида япон савдо компаниялари ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўртасида B2B форматдаги ишбилармонлик учрашувлари ташкил этилди. Музокаралар чоғида Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотларини харид қилиш, тўғридан-тўғри савдо алоқаларини ўрнатиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан қатор келишувларга эришилди.

Тадбирда кўп йиллардан буён Ўзбекистон билан тўқимачилик соҳасида яқин ҳамкорлик қилиб келаётган Япониянинг “MASUI CO., LTD.” компанияси тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқлиги таъкидланди.

Компания вакили Чинори Токитанинг сўзларига кўра, мазкур корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Samarqandaryo” пахта ип-калавасини Японияга экспорт қилади ва уларни машҳур “Imabari” сочиқлари каби юқори сифатли япон маҳсулотларини тайёрлаш учун етказиб беради.

Шунингдек ўқинг

Унинг қайд этишича, ўзбек ип-калавасини Япония бозорига экспорт қилиш ишлари 11 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда, компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарихи эса 2000 йилда Наманган вилоятида ипак фабрикаси ташкил этилган даврдан — қарийб 26 йил олдин бошланган.

“Бу сафар япон истеъмолчиларига “Vodiy Expo” компанияси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ажойиб пайпоқларни тақдим этаётганимдан жуда хурсандман. Ишончим комилки, келажакда ҳам Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтирамиз ҳамда мамлакатларимиз ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарган ҳолда биргаликда ривожланиб борамиз”, — деди Чинори Токита.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистондан Японияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52 фоизга ошган.

Япониянинг “RX Japan” компанияси томонидан ташкил этиладиган “FaW TOKYO” кўргазмаси мода, тўқимачилик саноати ва савдо вакиллари учун етакчи халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. У Токиода йилига икки марта ўтказилиб, иштирокчиларга янги буюртмачиларни топиш, импортчи ва дистрибьюторлар билан алоқа ўрнатиш, шунингдек, OEM/ODM моделлари асосида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратади.

Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини Япония ва бошқа Осиё бозорларида кенг тарғиб қилиш, тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий брендлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун қўшимча имкониятлар эшигини очади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш