Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида “Made in Uzbekistan” кўргазмаси ва “Road Show” дастури бўлиб ўтди
Сентябрь 29, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 196ВАРШАВА, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили Саидмуродхон Муйдинов бошчилигидаги Ўзбекистон бизнес-миссияси Польшага ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация аъзолари Варшава шаҳрида жойлашган “DTA Magazynier” йирик логистика ва омбор мажмуаси фаолияти билан танишди.
Учрашувда Польшада ўзбекистонлик экспортёрлар маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий маҳсулотларни Польша орқали бошқа Европа давлатларига реэкспорт қилиш, шунингдек, электрон тижорат каналлари орқали тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотларни Европа бозорида сотиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида озиқ-овқат, электротехника, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 15 дан ортиқ йирик Польша компаниялари иштирокида “Made in Uzbekistan” бренди остида маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси ва “Road Show” дастури юқори савияда ташкил этилди.
Тадбир дастури доирасида элчихона дипломатлари Ўзбекистоннинг савдо ва инвестициявий салоҳияти ҳақида маълумот бердилар. Ўзбекистон делегацияси вакиллари ўз тармоқларидаги корхоналар имкониятларини тақдим этдилар. Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B форматида конструктив музокаралар бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Польша инвестиция ва савдо агентлиги (PAIH) бош эксперти Эльжбета Бодио, Яцек Михальский, шунингдек, “Польша — Осиё” савдо палатасининг Марказий Осиё бўйича эксперти Эдгар Скаржинский билан учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилган B2B-музокаралар якунида Польшага ва у орқали Европа бозорига 500 тонна музлатилган гилос, майиз, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари, шунингдек, мис буюмлар ва кабель маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бизнес-миссия натижасида маҳаллий корхоналар учун Европа бозорига чиқишнинг янги савдо ва логистика каналлари шаклланди. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқувчиларни Европа стандартлари ва илғор ишлаб чиқариш амалиётларига мослаштиришга қаратилган амалий ҳамкорлик механизмлари белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



