Logo

"Uzbekistan Airways" Тошкент – Исломобод йўналишидаги парвозлар сонини ҳафтасига иккита оширди

Октябрь 29, 2025. 11:36 • 2 дақ

235
"Uzbekistan Airways" Тошкент – Исломобод йўналишидаги парвозлар сонини ҳафтасига иккита оширди

ИСЛОМОБОД, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. 28 октябрдан бошлаб "Uzbekistan Airways" АЖ Тошкент-Исломобод йўналишида ҳафтасига иккинчи мунтазам авиапарвозларни йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур йўналишдаги илк мунтазам парвозлар жорий йил 14 июнда йўлга қўйилган эди.

Ўзбекистон миллий авиаташувчисининг Покистонга амалга ошираётган рейслари сони ҳафтасига 4 тага етди. Жумладан, сешанба ва шанба кунлари – Исломободга, чоршанба ва жума кунлари – Лаҳорга парвозлар амалга оширилмоқда.

28 октябрь куни Тошкентдан учган самолёт маҳаллий вақт билан соат 06:50 да Исломобод халқаро аэропортига қўнди. Ушбу парвознинг дастлабки рейси учув жамоаси ва йўловчилари Покистон Таълим ва касбий тайёргарлик давлат вазири Важиҳа Қамар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Исломобод халқаро аэропорти директори Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани ҳамда Фуқаро авиацияси мутасаддилари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Ушбу парвозлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий дипломатияни кенгайтириш, маданий-гуманитар ва илмий-академик алмашувларни ривожлантириш, туристлар оқимини оширишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Бу йўналишдаги парвозлар нафақат икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ташрифларни осонлаштирмоқда, балки Европа, Осиё, Яқин ва Узоқ Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига амалга ошириладиган транзит парвозлар учун ҳам қулай имкониятлар тақдим этмоқда.

Тадбир доирасида Исломобод халқаро аэропорти директори Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани билан учрашув ҳам ўтказилди.

Суҳбат чоғида парвозлар сонининг ошиши икки давлат ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада яқинлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда Исломобод халқаро аэропорти ва Ўзбекистон аэропортлари ўртасида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва парвоз олди жараёнларини такомиллаштириш борасида тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича махсус дастурларни ишлаб чиқиш, мазкур аэропорт имкониятларидан фойдаланган ҳолда қўшма маданий, туристик ва тарғибот тадбирларини ташкил этиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш