Япониянинг “RCC TV” телерадиоканалида Ўзбекистон ҳақида махсус дастур намойиш этилди
Апрель 01, 2026. 17:18 • 2 дақ
• 37
ТОКИО, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Япониянинг нуфузли “RCC TV” телерадиоканалида Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва халқимизнинг меҳмондўстлигига бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур телелойиҳа “RCC TV” ижодий гуруҳининг жорий йил 26 февраль – 2 март кунлари мамлакатимизга амалга оширган ижодий сафари натижасида тайёрланди. Ташриф Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Суратга олиш ишлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида олиб борилди. Ижодий гуруҳ Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, таълим муассасалари, пойтахтимиздаги Япон боғи ҳамда иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонда бўлган япон фуқаролари дафн этилган масканларни қамраб олди.
Теледастурда Ўзбекистонда катта муваффақият билан ўтган “Хиросима кагураси” маданий тадбирларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу қадимий япон санъатининг тарихи ва аҳамияти кенг ёритилди.
Кўрсатувнинг энг таъсирли қисмларидан бири Иккинчи жаҳон уруши даврида юртимизда бўлган япон фуқаролари тарихига бағишланди. Хусусан, уларнинг Алишер Навоий номидаги театр қурилишидаги фидокорона меҳнати ва маҳаллий аҳоли билан шаклланган ўзаро ҳурмат муносабатлари лавҳаларда ўз аксини топган.
Дастурда бугунги кунда Ўзбекистонда япон маданиятига бўлган юксак қизиқиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланиши ва кагура жамоасининг ўзбек томошабинлари томонидан илиқ кутиб олингани алоҳида қайд этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур телелойиҳа Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик анъаналарини япон жамоатчилигига кенг танитиш билан бир қаторда, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва юртимизнинг ижобий халқаро имижини тарғиб қилишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси