Logo

Ўзбекистон Президенти “БMT Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайсни қабул қилди

Апрель 01, 2026. 17:58 • 2 дақ

69
Ўзбекистон Президенти “БMT Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайсни қабул қилди

ТОШКЕНТ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган “БMT Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайсни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган муассасаси ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташкилот раҳбари Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. Сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва хизматларни диверсификация қилиш бўйича изчил чоралар амалга оширилмоқда. Авиақатновлар географияси кенгаймоқда, янги музейлар ташкил этилмоқда, йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Сўнгги 8 йилда юртимизга келган сайёҳлар сони 6 баробар кўпайиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани алоҳида қайд этилди. 2030 йилга қадар уларнинг сонини 20 миллионга, туризмнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улушини эса 7 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ва “БМТ Туризм” ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Ташкилот Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилди, Халқаро туризм академияси ташкил этилди, яқинда эса “Ипак йўлида туризм” мавзусидаги офиснинг очилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди.

Суҳбат чоғида томонлар шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, сайёҳлик соҳасида халқаро ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш, туризм соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ниятида эканини қатъий тасдиқладилар.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Шайха Носир Ал Новаис Мадрид шаҳрида Европа минтақаси элчилари билан учрашувда "Ўзбекистон - гўзал мамлакат. Мен узоқ вақтдан бери уни зиёрат қилишни орзу қиламан. Умид қиламанки, бу орзу тез орада амалга ошади”, дея таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш