Logo

АҚШ элчихонаси кимларга виза берилиши рад этилиши мумкинлиги ва семизлик рад этиш учун расмий асос бўладими ёки йўқлигига аниқлик киритди

Ноябрь 18, 2025. 14:41 • 3 дақ

602
АҚШ элчихонаси кимларга виза берилиши рад этилиши мумкинлиги ва семизлик рад этиш учун расмий асос бўладими ёки йўқлигига аниқлик киритди

ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўтаётган ҳафта кўпгина оммавий ахборот воситаларида АҚШ виза сиёсатидаги мумкин бўлган ўзгаришлар муҳокамалар мавзусига айланди, деб ҳабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Баъзи нашрларга кўра, семизлик ва сурункали касалликка чалинган шахсларга гўёки АҚШ визасини бериш рад этилишига сабаб бўлиши мумкин. "Дунё" АА мухбири ушбу хабарларга аниқлик киритиш мақсадида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий позициясини ўрганди.

Жорий йил 6 ноябрь куни "KFF Health News" нашри АҚШ Давлат департаментининг консуллик муассасаларига юборилган ички хизмат ҳужжати ҳақидаги материални эълон қилган. Ҳужжатда сурункали касалликларнинг кенг доирасини, жумладан, юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон ва семиришни ҳисобга олиш тавсия этилган.

АҚШ ҳукумати фикрига кўра, Америка иммиграция қонунчилигидаги жамоат тўлови атамаси давлат ёрдамига, нафақа ёки тиббий ёрдамга қарам бўлиш эҳтимоли юқори бўлган шахсни англатади.

"The Washington Post" ўз мақоласида ушбу ҳужжатга эътибор қаратиб, элчихона ходимларига мезонларни кенгроқ талқин қилиш бўйича янги кўрсатмалар берилганини баён этди. Нашр экспертларнинг шарҳларини келтирди ва бу қонунчиликдаги ўзгариш эмас, балки ички кўрсатма эканлигини таъкидлади.

Баъзи оммавий ахборот воситалари, жумладан, Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Qalampir.uz" нашри ҳам жаҳон ОАВда берилган матералларни "Семиз фуқароларга АҚШга киришга рухсат берилмайди", дея талқин қилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий позицияси

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси "Дунё" АА сўровига жавобан айрим ОАВлари тарқатаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. "B" тоифадаги касалликлар рўйхати ўзгармаган ва виза бериш тўғрисидаги қарор талабгорнинг аризасидаги барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг (CDC) расмий кўрсатмалари ва Ташқи ишлар бўйича қўлланманинг (FAM) қоидаларига кўра, семизлик автоматик равишда визани рад этиш ёки шахсни мамлакатга киришга яроқсиз, деб топиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхатига киритилмаган.

"B" тоифа нима?

"B" тоифали ҳолат бу – тиббий меъёрдан четга чиқиш бўлиб, у даъвогарнинг ўзини парвариш қилишга, таълим муассасаларига боришга ёки ишлашга тўсқинлик қилиши, келажакда кенг кўламли даволаниш ёки касалхонага ётқизишни талаб қилиши мумкин. Бироқ семизлик автоматик рад этиш асослари рўйхатига киритилмаган.

Визани расмийлаштиришда тиббий кўриклар, биринчи навбатда, жамият учун хавф туғдирадиган юқумли касалликларни аниқлашга, шунингдек, атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши мумкин бўлган руҳий ва жисмоний ҳолатларни баҳолашга қаратилган.

Элчихона шарҳи

Элчихона вакилларининг таъкидлашича, амалдаги қоидага кўра, америкалик солиқ тўловчиларнинг яшаш ва даволаниш харажатларини ўзлари қоплай олишига ишонч ҳосил қилиш учун иммиграция визаси талабгорларни синчковлик билан текшириш орқали уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қисқача айтганда, семизлик виза беришни рад этиш учун автоматик асос бўла олмайди ва ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш