Logo

Самарқанд кузда бўлиб ўтадиган Осиё инфратузилма инвестиция банкининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

Май 31, 2024. 15:08 • 51 сония

1196
Самарқанд кузда бўлиб ўтадиган Осиё инфратузилма инвестиция банкининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

ТОШКЕНТ, 31 май. /"Дунё" АА/. Осиё инфратузилма инвестиция банкининг (ОИИБ) Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 9-йиллик йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатга олиш бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг telegram-канали хабарига кўра, йиғилиш "Барча учун барқарор инфратузилмани яратиш" мавзусида ташкил этилади.

Йиллик йиғилиш 25-26 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

ОИИБнинг асосий тадбири бўлган Йиллик йиғилиш Банк ютуқларини намойиш қилиш ва акциядорларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш имконини беради ҳамда ОИИБга аъзо мамлакатлардан Банк бошқарувчилари ва делегатларини, шунингдек, Банк ҳамкорлари ва мижозларини, бизнес лидерларини, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва бутун дунё бўйлаб экспертларни бирлаштирган мулоқот платформаси бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон ОИИБнинг таъсисчи давлатларидан бири ҳисобланади. Банкнинг мамлакатимиздаги умумий инвестиция портфели 3 миллиард доллардан ошади. ОИИБ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида имзоланган уч йиллик инвестиция дастури доирасида яна 2 миллиард долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Йиллик йиғилиш ҳақида қўшимча маълумотларни aiib.com сайтидан ёки annualmeeting@aiib.org электрон почта манзилига мурожаат қилиб олиш мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш