“Sputnik Грузия”: Ўзбекистон–Грузия стратегик шериклиги тобора кенгаймоқда
Июль 02, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 72
МОСКВА, 2 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Sputnik Грузия” ахборот агентлигида Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон–Грузия муносабатлари янада барқарор иқтисодий мазмун касб этди. Фаол сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, саноат кооперацияси ҳамда транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг 2025 йил март ойида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи муҳим босқич бўлгани алоҳида таъкидланган.
Музокараларда томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция ва кооперация лойиҳаларини амалга татбиқ этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади. Амалдаги эркин савдо тўғрисидаги битим имкониятларидан янада самарали фойдаланиш ҳисобига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда уч баробар кўпайиб, 89 миллион доллардан 267,6 миллион долларга етди. Ўзаро савдонинг ўсиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, саноат ишлаб чиқаришининг кенгайиши ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортининг ортиши билан изоҳланади.
Нашрда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Грузия Транскаспий халқаро транспорт маршрутида (Ўрта йўлак) муҳим ўрин тутиши, ушбу йўналиш бўйича Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажми 2025 йилда икки баробарга ошиб, 1,2 миллион тоннага етгани қайд этилган.
“Sputnik Грузия”да ёзилишича, Ўзбекистон Президентининг Грузияга кутилаётган давлат ташрифи Ўзбекистон–Грузия шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлашда муҳим босқич бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси