Европарламент делегацияси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ташриф буюрди
Ноябрь 29, 2023. 10:01 • 2 дақ
• 365
ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Европарламент депутати, Ўзбекистон бўйича маърузачи Ильхан Кючюк билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Европа Иттифоқи Делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан ва Европа қўшнилик кенгаши бошқарувчи директори Самуэль Довери ҳам иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев меҳмонларни таништирар экан, улар мамлакатимизнинг азалий дўстлари эканини, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
- Ильхан Кючюк бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи давомида кўплаб муҳим учрашувлар ўтказди, - деди Содиқ Сафоев. - Албатта, бу ташриф мамлакатимиз билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш, уни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Учрашув доирасида Европарламент депутати Ильхан Кючюкга ЖИДУ фахрий доктори унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
– Талабалар ва ўқитувчилар билан учрашиш, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори бўлиш мен учун катта шарафдир, - деди Ильхан Кючюк. - Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши ва мустаҳкамланиши учун ишлашда давом этаман.
Европарламент депутати ўз нутқида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар истиқболларига тўхталиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим қадамларни санаб ўтди.
Учрашув якунида талабалар Европа Иттифоқига интеграциялашув, таълим алмашинув дастурлари, ногиронлар ҳуқуқлари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига оид кўплаб саволларига меҳмонлардан батафсил жавоб олишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди