Эрон ва АҚШ Ҳўрмуз бўғозини назорат қилиш фонида ўзаро зарбалар алмашишни кучайтирди
Июль 14, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 140
ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 14 июль. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқдаги зиддият АҚШ ва Эрон ўртасидаги янги зарбалар, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги кескин вазият, Яман ҳусийларининг Саудия Арабистонидаги объектларга ҳужуми фонида янада кучайиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Эрон Иорданиядаги Америка ҳарбий базасига баллистик ракеталар билан зарба берганини эълон қилди. Иордания қуролли кучлари Эрон ҳудудидан мамлакат ҳаво ҳудудига келган тўртта ракета уриб туширилганини маълум қилди. Бунга жавобан, АҚШ беш соат давомида Эрон объектларига зарбалар йўллаб, ҳужумлар сериясини кетма-кет учинчи кун давом эттирди.
Қарама-қаршиликнинг янги босқичи Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият билан боғлиқдир. Урушдан олдин бу бўғоз орқали бир кеча-кундузда қиймати 1,2 миллиард доллардан ошадиган 15 миллион баррелдан кўпроқ энергия ресурслари ташилган.
Эрон бўғозни ёпиши ҳақидаги баёнотидан сўнг, АҚШ президенти Дональд Трамп блокадани қайта тиклашини ва ушбу йўналиш орқали юк ташиш учун 20 фоизлик йиғим жорий этишини эълон қилди. Теҳрон бу баёнотларни рад этиб, айнан Эрон бўғоз хавфсизлигининг кафолатчиси экани ва кемалар қатновини мустақил равишда тартибга солишини таъкидлади.
Фуқаролик кемалари билан боғлиқ сўнгги ҳодисалар қўшимча кескинликни юзага келтирди. БАА Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Амирликларнинг иккита нефть танкери Уммон ҳудудий сувларида Ҳўрмуз бўғозининг жанубий қисмидан ўтаётган вақтда Эрон қанотли ракеталари зарбасига учраган.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси огоҳлантиришларга эътибор бермай, навигация тизимларини ўчириб қўйган ва қоидаларни бузган иккита супертанкерга ҳужум қилганини маълум қилди. Шунингдек, у АҚШни кемаларни ноқонуний йўналишлардан фойдаланишга ундаганликда айблади.
Шу билан бир вақтда, Ямандаги вазият ҳам кескинлашди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистони жанубидаги Абҳа халқаро аэропортига ракета ва дронлар билан зарба берганини билдирди. Саудия расмийлари мамлакатнинг жанубий ҳудудлари томон учирилган ракеталар уриб туширилганини маълум қилди. Бу ҳужумлар 2022 йил март ойидан бери амалда бўлган норасмий сулҳдан кейин ҳусийларнинг Саудия Арабистонига уюштирган ва расман эълон қилган илк зарбалари бўлди.
Бундан сал аввалроқ Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳукумати ҳусийлар назоратидаги Сана халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлагига зарба берганди. Яман Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, операциядан мақсад Эрон самолётининг қўнишига йўл қўймаслик бўлган. Ҳусийлар ҳужумда Саудия Арабистонини айблаб, авиакомпанияларни қироллик ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилиш хавфидан огоҳлантирди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши минтақадаги вазият юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказди. Ташкилот вакиллари можаронинг кенгайиб кетиши эҳтимолидан хавотир билдириб, томонларни БМТ воситачилигида музокаралар ўтказишга чақирди.
Шу билан бирга, минтақавий экспертларнинг қайд этишича, Вашингтон ва Теҳрон ҳозирча музокаралардаги ўз мавқеларини кучайтириш учун ҳарбий босимдан фойдаланган ҳолда, ўзаро қарама-қаршиликни бошқариладиган доирада ушлаб туришга интилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси