Куала-Лумпур шаҳрида IT ва рақамли технологиялар соҳасида биринчи Ўзбекистон-Малайзия аутсорсинг форуми ўтказилди
Ноябрь 07, 2024. 14:09 • 3 дақ
• 228
КУАЛА-ЛУМПУР, 7 ноябрь. /"Дунё" АА/. Куала-Лумпур шаҳрида IT ва рақамли технологиялар соҳасидаги биринчи Ўзбекистон–Малайзия аутсорсинг форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки" МЧЖ (IT Park Uzbekistan) ва унинг Сирдарё вилояти филиали (Sirdaryo IT Park), Малайзия рақамли иқтисодиёт корпорацияси ("MDEC") ва мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Малайзиянинг 70 га яқин аутсорсинг (BPO) ва IT компаниялари иштирок этди.
"MDEC" бош директори ўринбосари, Рақамли саноатни тезлаштириш департаменти бошлиғи Ван Мурдари бин Ван Моҳамад ўз нутқида Ўзбекистонда рақамли технологиялар жадал ривожланиб бораётганлигини эътироф этди. У компания ва тадбирда иштирок этаётган IT корхоналари мамлакатимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини ва Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилди.
Форум давомида шунингдек, IT Park Uzbekistan вакили Жанат Пак иштирокчиларга мамлакатимизда IT ва рақамли технологиялар учун яратилган қулай имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида, "Молия, технология ва фан халқаро мактаби" (ISFT institute) вакили Озод Қурбонов "Ўзбекистонда таълим тизими ва иқтидорлар" мавзусида тақдимот ўтказишди.
"IT Park Sirdaryo" резиденти сифатида BPO соҳасида жорий йилда фаолиятини бошлаган "Upstream BPO" МЧЖ таъсисчиси, Малайзия фуқароси Ахмед Қаюм ўзининг Ўзбекистонда бизнес юритиш тажрибаси билан ўртоқлашди. У Ўзбекистонда ташкил этилган IT парклар учун яратилган имкониятлар ва имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Малайзия компанияларини мамлакатимиз рақамли лойиҳаларига инвестиция киритишга чақирди.
"Get Academy" компанияси раҳбари Ганеш Кумар тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонга қилган бизнес ташрифи таассуротларини сўзлаб, хорижликларни республиканинг рақамли технологиялар соҳасига инвестиция киритиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишга ундайдиган қатор омилларни санаб ўтди. Ганеш Кумар Малайзия компаниялари Ўзбекистон IT бозорида манфаат топишига қатъий ишонишини таъкидлади.
Тақдимотдан сўнг B2B форматида учрашувлар ўтказилди. Уларда давомида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, "IT Park Uzbekistan", "IT Park Sirdaryo" вакиллари ҳамда Малайзиянинг IT ва BPO компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида инвестициялар киритиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Хусусан, тадбирга ташриф буюрган Малайзия Тадқиқот ва инновацияларни тижоратлаштириш агентлиги (MRANTI) бўлим бошлиғи Ван Мохд Фархан билан технологияларни трансфер қилиш ва Малайзия IT компанияларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси