Иброҳим Мазлум: Ўзбекистоннинг иқлим бўйича сиёсати тўғри йўналишда ривожланмоқда

Ноябрь 14, 2026. 15:00 • 3 дақ

• 39
Иброҳим Мазлум: Ўзбекистоннинг иқлим бўйича сиёсати тўғри йўналишда ривожланмоқда

АНТАЛИЯ, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Туркиядаги Мармара университети профессори Иброҳим Мазлум “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 10–11 ноябрь кунлари Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим саммитидаги иштироки хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Анча йиллардан буён Ўзбекистон ва иқлим сиёсатига оид масалалар билан шуғулланиб келаман. Мармара университети ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ўртасида битим имзоланган бўлиб, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви бўйича ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Шахсан ўзим Ўзбекистонда қарийб икки йил яшаб, иқлим ўзгариши соҳасидаги сиёсатни амалга оширишнинг иккита асосий йўналиши бўйича фаолият юритдим. Шу сабабли юртингизни яқиндан биламан ва уни чин дилдан яхши кўраман.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳар жабҳада муваффақият қозонмоқда. Ҳозирги босқичда мамлакатнинг иқлим бўйича мақсадлари ҳам, қайта тикланувчи “яшил” энергетика соҳасидаги режалари ҳам юксак ва қатъийдир. Шу маънода, Ўзбекистоннинг иқлим сиёсати тўғри йўналишда ривожланмоқда, дея бемалол айта оламан.

Бу жараёнда технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунчаки мақсадларни белгилаб олишнинг ўзи етарли эмас, уларга эришиш учун Ўзбекистонга технологик инвестициялар жалб қилиниши лозим. Шу боис ҳам халқаро ташкилотлар, ҳам бизнес ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкам йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек ўқинг

Етакчилар саммити катта аҳамиятга эга. Кун тартиби белгилаб олингач, икки ҳафталик Томонлар конференцияси (COP) жараёни айнан давлат раҳбарлари саммити билан бошланади. Давлат раҳбарларининг ўз мамлакатлари ва олиб борилаётган сиёсат ҳақида сўзлаган нутқларини эшитиш жуда муҳим. Боиси, якуний натижаларга кўп жиҳатдан уларнинг қатъияти ҳамда зиммаларига олган мажбуриятлари орқали эришилади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масалага катта масъулият билан ёндашаётганини кузатиб боряпман.

Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича салмоқли ишлар бажарилмоқда. Масалан, ушбу мамлакатда ишлаган пайтимда “Яшил макон” лойиҳасини ўргандим, Оролбўйи минтақасини қайта тиклаш ва жонлантириш борасидаги ишларни кузатдим.

Шу боис мамлакатингизда муҳим ишлар қилинаётганини яхши биламан ҳамда янги ташаббуслар ҳам муваффақиятли амалга ошишига ишонаман. Ўзбекистон ҳам халқ, ҳам жамият, ҳам давлат бошқаруви тизими сифатида иқлим ўзгариши масаласига ниҳоятда жиддий ёндашмоқда.

Бутун Ўзбекистон аҳлига улкан муваффақиятлар тилайман. Етакчиларимиз белгилаб берган йўналишда изчил ишлашда давом этишимиз ва келажак авлодларга яшаш учун тинч ва мусаффо оламни мерос қолдиришимиз лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш