Тошкент вилояти энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларига япониялик ҳамкорларнинг илғор технологияларини жорий этади
Ноябрь 14, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 15
ТОКИО, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Токио шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Япониянинг “SYSKO Inc.” ва “Shinmei Holdings Co., Ltd.” компаниялари раҳбарияти билан музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“SYSKO Inc.” компанияси раҳбари Кенъити Ямада билан ўтказилган учрашувда электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилганда корхоналар ва ижтимоий аҳамиятга молик объектларнинг узлуксиз ишлашини таъминлайдиган автоном энергия таъминоти тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Компания томонидан 100 кВт қувватга эга генератор ва 100 кВт·соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган 20 фунтлик контейнердаги қурилма тақдим этилди. Электр энергияси таъминотида узилишлар кузатиладиган Тошкент вилоятидаги объектлардан бирида мазкур қурилмани олти ойлик синовдан ўтказиш таклиф қилинди.
Синовлар муваффақиятли ўтган тақдирда, ушбу технологияни бошқа саноат ва ижтимоий объектларга ҳам татбиқ этиш, шунингдек, минтақада контейнерли энергетика тизимларини йиғиш ва уларга хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллий олий ўқув юртлари талаблари ва ёш дастурчилар учун истиқболли лойиҳа муаллифларини япониялик компаниянинг стартап дастурларига кейинчалик жалб этган ҳолда онлайн ўқув дастурини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, видеоконференция форматида “Shinmei Holdings Co., Ltd.” президенти Фудзио Мисуо билан музокаралар ўтказилди. Томонлар Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш ҳамда кейинчалик уларни Японияга экспорт қилиш, шунингдек, минтақага машҳур япон ресторан брендлари — “Genki Sushi” ва “Uobei”ни жалб этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашувлар якунида томонлар билдирилган ташаббусларни қўшимча равишда ўрганиб чиқиш, уларнинг техник ва иқтисодий самарадорлигини баҳолаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳалар устидаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси