Қирғизистонликлар учун Ўзбекистон ОТМларида ўқишга 20 та грант ўрни ажратилди

Август 18, 2026. 18:57 • 2 дақ

123
Қирғизистонликлар учун Ўзбекистон ОТМларида ўқишга 20 та грант ўрни ажратилди

БИШКЕК, 18 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистон фуқаролари учун 2026/27-ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқишга 20 та квота ажратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Кабар” миллий ахборот агентлиги маълумотига таяниб.

Ажратилган ўринларга номзодлар сараланиши Ўш давлат университети томонидан ўтказади.

Қирғизистонлик абитуриентлар учун бакалавриатнинг қуйидаги йўналишлари мавжуд: мактабгача таълим – тўртта ўрин, компьютер инжиниринги – тўртта, агрономия – тўртта, сув хўжалиги ва мелиорация – иккита, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси – иккита, қурилиш инжиниринги – тўртта.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўзбек тилида ўқитиш лотин графикасига асосланган алифбода олиб борилгани сабабли, номзодларнинг лотин алифбосини билиши ҳам инобатга олинади.

Шунингдек ўқинг

Номзодлар танланган таълим тилини билишини намойиш этиши ва иккита мутахассислик фанидан синовдан ўтиши лозим. Имтиҳон беш баллик тизимда баҳоланади.

Ҳужжатлар 2026 йилнинг 22 августига қадар қабул қилинади. Кириш синовлари 24 август куни соат 08:00 да Ўш давлат университетининг бош ўқув биносида бўлиб ўтади.

Танловда иштирок этиш учун анкета, умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги диплом ёки аттестат нусхаси, паспорт нусхаси, рус тилидаги белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома ва фотосурат тақдим этиш зарур.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш