Дональд Трамп АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотлари сезиларли даражада қисқартирилишини эълон қилди

Август 17, 2026. 19:00 • 3 дақ

112
Дональд Трамп АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотлари сезиларли даражада қисқартирилишини эълон қилди
“AFP” агентлиги сурати

ВАШИНГТОН–СЕУЛ, 17 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан яхши муносабатларига ишора қилиб, Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларни сезиларли даражада қисқартириш ниятида эканини маълум қилди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Yonhap” ахборот агентлигига таяниб.

Президент “Truth Social”даги постида Жанубий Корея яқинда Эронни ядросизлантиришда АҚШга қўшилишдан бош тортганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, қўшма машғулотлар нафақат қимматга тушади ва харажатларнинг катта қисмини АҚШ ўз зиммасига олади, балки мутлақо ноўрин ва душманона сигнал ҳам юборади.

Унинг таъкидлашича, бўлажак машғулотларни бекор қилиш учун жуда кеч, чунки АҚШ ва Жанубий Кореянинг йиллик қўшма маневрлари бугун бошланиши керак. Аввалроқ Сеул машғулотлар режа бўйича ўтказилишини маълум қилган эди.

Жанубий Корея ҳукумати Дональд Трампнинг баёнотларини ўрганаётгани ва Вашингтон ҳамда Пхеньян ўртасидаги яхши муносабатлар мазмунли мулоқотга олиб келишига умид қилишини билдирди. Пхеньян ҳозирча Америка президентининг баёнотига изоҳ бергани йўқ.

Шунингдек, Жанубий Корея президенти маъмурияти Сеул Вашингтон билан Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ ҳарбий ҳамкорлик масалалари юзасидан дипломатик маслаҳатлашувларни давом эттириши ҳамда қўшма машғулотлар тафсилотларини муҳокама қилишини маълум қилди.

АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари аввалроқ 11 кунлик “Ulchi Freedom Shield” машғулотларини эълон қилган эди. Уларнинг сўзларига кўра, маневрлар кўлами ўтган йиллардагига қиёсланадиган даражада бўлиб, уларда 18 мингга яқин жанубий кореялик ҳарбий хизматчи иштирок этади. Жанубий Кореяда 28,5 мингга яқин америкалик ҳарбий хизматчи истиқомат қилади.

Шунингдек ўқинг

Мутахассислар қўшма машғулотларнинг қисқариши икки мамлакат қуролли кучларининг ўзаро мувофиқлашувини ва Осиёда юзага келиши мумкин бўлган можароларни жиловлаш имкониятини заифлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Президентнинг баёноти КХДР томонидан БМТ томонидан тақиқланган қатор ракета синовлари ўтказилганидан сўнг янгради. Ўтган ҳафта Жанубий Корея, АҚШ ва Япония бир неча кун ичида Шимолий Кореянинг иккинчи ракета учирганини қайд этди. Пхеньян қўшма машғулотларни “агрессив уруш репетицияси” деб атади.

Сўнгги йилларда КХДРда Ким Чен Ин ва Дональд Трамп ўртасидаги дипломатик алоқалар 2019 йилда тўхтаганидан сўнг ядровий ва ракета дастурларини ривожлантириш жадаллашди. Ўша йили Дональд Трамп Шимолий Корея ҳудудига ташриф буюрган АҚШнинг биринчи амалдаги президенти бўлди.

АҚШ аввал ҳам Жанубий Корея билан қўшма машғулотларни қисқартирган. 2018 йилда Дональд Трамп Ким Чен Ин билан ядросизлантириш бўйича музокаралар фонида маневрларни провокацион деб атаб, катта маблағ тежаш имконияти борлигини айтиб, уларни бутунлай тўхтатиб қўйган эди. 2020 йилда машғулотлар COVID-19 пандемияси туфайли яна қисқартирилди.

Ўтган ҳафта Жанубий Корея президенти Шимолий Кореяга 1953 йилда сулҳ имзоланганидан буён расман давом этаётган урушни расмий якунлаш бўйича музокараларни бошлашни таклиф қилди.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш