Пекинда 2 мингдан ортиқ робот иштирокида II Бутунжаҳон гуманоид ўйинлари бўлиб ўтади
Август 18, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 133
ПЕКИН, 18 август. /“Дунё” АА/. 22–26 август кунлари Пекинда 16 мамлакатдан 666 та жамоанинг 2056 та гуманоид роботи иштирокида II Бутунжаҳон гуманоид роботлар ўйинлари бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Синьхуа” ахборот агентлигига таяниб.
Турнир Миллий ёпиқ конькида учиш стадионида ўтказилади. Иштирокчилар орасида АҚШ, Германия, Япония, Бразилия ва бошқа мамлакатлардан келган жамоалар бор.
Иштирокчиларнинг асосий қисмини Хитойнинг робототехника соҳаси вакиллари ташкил этади. Улар 641 та жамоа, 157 та компания, университет ва илмий-тадқиқот муассасаси томонидан ишлаб чиқилган 1975 та роботни рўйхатдан ўтказган.
2025 йил август ойида ўтказилган биринчи ўйинларга қараганда, бу гал роботлар сони тўрт баравардан кўпроққа ошган. Ўшанда мусобақаларда 16 давлатдан 280 та жамоанинг 500 дан ортиқ гуманоид роботи қатнашган эди.
Бу йил мусобақа дастури анча кенгайтирилган. Унга стол тенниси, узунликка сакраш, оғир атлетика ва арқон тортиш каби 30 дан зиёд йўналишдаги янги спорт турлари киритилган.
Мусобақалар роботларнинг ҳаракатни бошқариш, конструкция ва асосий қисмлари бўйича имкониятларини синовдан ўтказиши лозим. Бир қатор йўналишлар учун ташкилотчилар талабларни кучайтирган: роботлар вазифаларни масофадан бошқарилмасдан, мустақил равишда бажариши шарт.
Ҳақиқий ҳаётга яқинлаштирилган шароитлардаги синовлар алоҳида блокни ташкил этади. Роботлар моделлаштирилган меҳмонхоналар, корхоналар, турар жойлар ва логистика объектларида ишлашига тўғри келади. Топшириқлар қаторидан йиғиш, тозалаш, фавқулодда вазиятларга чора кўриш ва кутубхоналарда китобларни саралаш каби вазифалар ўрин олган.
Шу тариқа, ташкилотчилар машиналарнинг нафақат спорт қобилиятини, балки мураккаб шароитларда амалий вазифаларни бажаришга тайёрлигини ҳам синаб кўриш ниятида.
Пекин шаҳар иқтисодиёт ва ахборот технологиялари бошқармаси директори Цзян Гуанчжи таъкидлашича, кўплаб мусобақа қоидалари келажакда амалий техник стандартларга айланиши мумкин ва бу технологик ишланмаларнинг синов босқичидан саноатда қўллашга ўтишини тезлаштиради.
“Роботлар ушбу «сўнгги метр» кўникмаларини ўзлаштириши биланоқ, медалларни буюртмаларга айлантириб, мусобақа майдонидан тўғридан-тўғри ҳақиқий иш жойларига ўта олади”, — деди Цзян Гуанчжи.
Бу галги ўйинлар нафақат гуманоид роботларнинг имкониятларини намойиш этиш, балки уларнинг тижорий фойдаланишга яроқлилигини баҳолаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидланишича, ишлаб чиқарувчилар машиналарнинг инсон иштирокини минимал даражада талаб этган ҳолда реал иш вазифаларини қай даражада самарали бажара олишини кўрсатиб бериши керак.
Аввалроқ Хитой 2026 йилда 100 мингта гуманоид робот ишлаб чиқаришни режалаштираётгани хабар қилинган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси