АҚШ махсус элчиси Исроилни ҲАМАСнинг қуролсизланишга шайлигини текширишга чақирди
Август 18, 2026. 20:05 • 2 дақ
• 144
ТЕЛЬ-АВИВ, 18 август. /“Дунё” АА/. АҚШ президентининг махсус элчиси Жаред Кушнер Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни ҲАМАСнинг қуролсизланишни бошлашга тайёрлигини текшириш учун Ғазо секторида “кичик қадамлар” ташлашга ундади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Axios” порталига таяниб.
Тўрт соатлик учрашув махсус элчининг Қоҳирада ҲАМАС вакиллари, Миср, Қатар ва Туркия воситачилари билан музокараларидан сўнг бўлиб ўтди. Учрашувда Биньямин Нетаньяҳу ҲАМАСнинг қуролдан воз кечишга шайлигига жиддий шубҳа билдирди ва Америка делегациясининг нима сабабдан бу гуруҳ билан музокара олиб боргани билан қизиқди.
Жаред Кушнернинг таъкидлашича, Вашингтонга ҲАМАСнинг демилитаризация бўйича мажбуриятларни бажаришга тайёрлиги ҳақида бевосита эшитиш муҳимдир. Унинг сўзларига кўра, кейинги ҳаракатлар аввало қуролсизланишга боғлиқ бўлади.
Американинг режасига мувофиқ, ҲАМАС қурол-яроғни Фаластиннинг технократлар ҳукуматига топшириши керак, шундан сўнг улар йўқ қилиш учун Халқаро барқарорлаштирувчи кучларга берилади. Вашингтоннинг қайд этишича, Ғазо секторини қайта тиклаш ишлари қуролсизланиш жараёни якунланмагунча бошланмайди.
Махсус элчи АҚШ бевосита таҳдид юзага келган тақдирда Исроилнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини чеклаш ниятида эмаслигини маълум қилди. Айни пайтда томонлар қоидабузарликлар ва юзага келаётган таҳдидларни кузатиб борувчи можароларнинг олдини олиш механизмини яратишга келишиб олди.
Томонлар Ғазони демилитаризация қилиш ва гуманитар вазият бўйича иккита алоҳида ишчи гуруҳ тузишга келишди. Бош вазир гуманитар шароитлар, хусусан, сув таъминоти ва санитария соҳасини яхшилаш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини ҳам олди.
Музокаралар октябрь ойидаги сайловлар арафасида Исроилдаги сиёсий кескинлик фонида ўтди. Биньямин Нетаньяҳу Ғазо масаласида эҳтимолий ён беришлар туфайли мухолифат танқидига учрамоқда ва ОАВ фикрича, Американинг режасига эҳтиёткорона ёндашмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп шу ҳафта бошида Исроилни Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини тўхтатишга чақириб, ҲАМАС қурол ташлашга рози бўлганини айтган эди. АҚШ маъмурияти бевосита таҳдидлар билан боғлиқ бўлмаган зарбалар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси