Энди Бёрнэм Буюк Британия бош вазири лавозимини эгаллади

Июль 20, 2026. 20:20 • 2 дақ

274
Энди Бёрнэм Буюк Британия бош вазири лавозимини эгаллади

ЛОНДОН, 20 июль. /“Дунё” АА/. Энди Бёрнэм Букингем саройида қирол Карл III билан учрашувдан сўнг Буюк Британиянинг янги бош вазири бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC” маълумотига таяниб.

Энди Бёрнэм сўнгги ўн йил ичида бу лавозимни эгаллаган олтинчи сиёсатчига айланди. У ўзидан аввалги бош вазир Кир Стармер монархга истеъфо бериш учун саройга борганидан кўп ўтмай, ушбу лавозимга тайинловни қабул қилди.

Ҳукумат раҳбари сифатидаги илк нутқида Энди Бёрнэм Буюк Британия учун мулоҳаза ва қатъият вақти келганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат мавжуд муаммоларни холис баҳолаб, барқарорроқ ва масъулиятли сиёсатга ўтиши зарур.

Янги Бош вазир ҳукумат раҳбарларининг тез-тез алмашаётгани муҳимлиги ва фуқароларнинг келажакка бўлган ишончини қайтариш лозимлигини қайд этди. У 2024 йилдан бери ҳокимиятда бўлган Лейбористлар партиясига ишончни тиклаш ва сиёсий барқарорлик одамларнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топишига эришиш ниятида эканлигини билдирди.

Янги ҳукумат олдидаги асосий вазифалардан бири иқтисодиёт бўлади. Энди Бёрнэм турмуш даражаси инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар тақдим этишга, бир йил ичида мамлакатни ривожлантиришнинг ўн йиллик режасини тайёрлашга ваъда бермоқда.

Ваколатларнинг бир қисмини ҳудудларга ўтказиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ва муниципал уй-жойлар қурилишини ошириш ҳамда уйсизликка қарши курашиш унинг асосий устувор йўналишлари сирасига киради. У, Буюк Британиянинг мудофаа соҳасидаги мажбуриятларини сақлаб қолишга сўз берди.

Янги бош вазир лавозимига киришгач, Вазирлар маҳкамасини шакллантиришни бошлайди. Унинг жамоаси ҳозирча бўлажак тайинловлар бўйича тўлиқ рўйхатни ошкор этмаяпти, аммо яқин вақт ичида ҳукумат таркибида кадрлар ўзгариши кутилмоқда.

“The Guardian” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш