Японияда содир бўладиган кучли зилзила 1,8 триллион доллар зарар келтириши ва юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин
Апрель 03, 2025. 09:05 • 2 дақ
• 160
ТОКИО, 3 апрель. /"Дунё" АА/. Япония ҳукумати мамлакат жануби-ғарбий соҳилидаги Нанкай ёриғида содир бўлиши кутилаётган кучли зилзила оқибатида етказиладиган зарарни баҳолади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Япониянинг "NHK World" телеканали маълумотига кўра, зилзила 298 минг кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Сейсмологлар ва мутахассисларга кўра, яқин 30 йил ичида содир бўладиган зилзиланинг магнитудаси 8-9 балл атрофида бўлади. Зилзила бўлиш эҳтимоли 80 фоизга баҳоланмоқда.
Таъкидланишича, сейсмик интенсивлик Япония шкаласи бўйича 10 та префектурада максимал 7 баллга етади, 24 та префектурада эса 6 дан паст ёки ундан юқори бўлади. Баландлиги камида 10 метр бўлган цунами Токио ва бошқа 12 префектурани ҳам қамраб олиши мумкин. Баъзи ҳудудларда у 30 метр баландликка этади.
"Цунами кўплаб йўқотишларга сабаб бўлиши тахмин қилиняпти ва зилзиладан бир ҳафта ўтиб 12,3 миллион киши ёки Япония аҳолисининг 10 фоизи эвакуация қилинади", – дея хабар берган телеканал. –Табиий офатдан кўриладиган иқтисодий зарар 270,3 триллион иенни ташкил қилади, бу давлат бюджетидан икки баробар кўпдир".
Расмийлар ушбу хавфга қарши зарурий чора-тадбирларни кўришга чақириб, аҳолига табиий офатларга тайёргарлик кўришни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Мьянма ва Таиландда 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 2700 кишидан, жароҳатланганлар сони эса 4500 нафардан ошди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




