Logo

Жанубий Кореяда кузатилган кучли ёмғир туфайли тўрт киши ҳалок бўлди ва минглаб одам эвакуация қилинди

Июль 18, 2025. 09:57 • 2 дақ

41
Жанубий Кореяда кузатилган кучли ёмғир туфайли тўрт киши ҳалок бўлди ва минглаб одам эвакуация қилинди

СЕУЛ, 18 июль. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореяда кеча ёққан кучли ёмғир оқибатида содир бўлган сув тошқинлари натижасида тўрт киши ҳалок бўлди ва минглаб одам эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Жанубий Кореянинг "Yonhap" ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, кучли ёмғир қурбонлари бахтсиз ҳодисалар ва соғлиғидаги муаммолар туфайли ҳалок бўлган. Расмийлар сув тошқинлари давом этишидан огоҳлантирмоқда.

Ярим кун ичида мамлакатнинг ғарбий қирғоғидаги энг кўп зиён кўрган Сосане шаҳрига 400 мм дан ортиқ ёмғир ёғди. Метеорология агентлиги буни асрда бир марта содир бўладиган ҳодиса сифатида баҳолади.

Сеулдан тахминан 267 километр Жанубда жойлашган Кванжу шаҳрида кучли ёмғир ҳақида огоҳлантириш эълон қилинганидан сўнг тахминан икки соат давомида 87 та йўл ва 38 та бино сув остида қолди.

"Кўплаб давлат ва хусусий корхоналар зарар кўрди, шаҳарларда электр таъминотида узилишлар кузатилди, – дея хабар бермоқда "Yonhap". – Юзлаб мактаб бинолари ёмғир туфайли зарар кўрди".

Рекорд даражадаги ёғингарчилик Жанубий Корея ҳукуматини об-ҳаво билан боғлиқ табиий офат ҳақида огоҳлантиришни энг юқори даражага кўтаришга ундади.

Расмийлар аҳолини дарё қирғоқлари, тик ён бағирлари ва ер ости йўлакларидан узоқроқ туришга чақириб, кўчки ва сув тошқинлари хавфи юқорилигидан огоҳлантирмоқда.

"Reuters" агентлиги олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш