Сиэтлдаги “Биродар шаҳарлар кўрсаткичи”да Тошкент номи ўрин олди
Сентябрь 21, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 29
СИЭТЛ, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сиэтлда дунёнинг турли мамлакатларидаги биродарлашган шаҳарларни бирлаштирувчи рамзий йўл кўрсаткичининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сиэтлнинг “Lake Union Park” ҳудудида ташкил этилган мазкур учрашувда шаҳарнинг тўрт қитъада жойлашган 20 та биродарлашган шаҳри ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари жамланди.
Янги рамзий йўл кўрсаткичда Сиэтлнинг барча биродарлашган шаҳарлари қаторида Ўзбекистон пойтахти – Тошкент номи ҳам алоҳида ўрин эгаллади.
1973 йилда ўрнатилган Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги биродарлик муносабатлари тарихий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Айнан Сиэтл АҚШ шаҳарлари орасида собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги шаҳар билан биродарлик муносабатларини йўлга қўйган илк шаҳардир. Ярим асрдан ортиқ давом этаётган ушбу алоқалар мураккаб тарихий даврлардан ўтиб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва халқ дипломатиясининг ёрқин намунасига айланди.
Тошкент ва Сиэтлни 10 минг километрдан зиёд масофа ажратиб туради. Шу жиҳатдан Сиэтл Ўзбекистон пойтахтининг географик жиҳатдан энг олис биродарлашган шаҳарларидан бири бўлса-да, икки шаҳар ўртасидаги инсоний алоқалар, маданий ва таълим алмашинувлари ўнлаб йиллар давомида ушбу масофани яқинлаштириб келмоқда.
Тошкент–Сиэтл муносабатларининг тарихида кўплаб рамзий ташаббуслар мавжуд. Хусусан, 1980 йилларда икки шаҳар жамоатчилиги тинчликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма ташаббусларда фаол иштирок этган.
1988 йилда америкалик кўнгиллилар иштирокида Тошкентда “Seattle–Tashkent Peace Park” барпо этилган. Ушбу лойиҳа шаҳарлар ўртасидаги муносабатларнинг инсонлар ўртасидаги самимий дўстлик асосида шаклланганини кўрсатади.
Бугунги кунда мазкур тарихий алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳрида Бош консулхонаси фаолият бошлагани Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги ярим асрдан зиёд давом этаётган ҳамкорликка янги суръат бериш учун қўшимча имконият яратмоқда.
Бош консулхона томонидан Тошкент–Сиэтл биродарлик муносабатларини янада фаоллаштириш, мавжуд тарихий алоқаларни замонавий мазмун билан бойитиш, таълим, маданият, АКТ, инновациялар, бизнес, туризм соҳаларида янги қўшма ташаббусларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасалари, маданият ва санъат ташкилотлари, бизнес ҳамжамиятлари ҳамда жамоат бирлашмалари ўртасида алоқаларни кенгайтириш истиқболлари мавжуд.
Сиэтлдаги янги “Қардош шаҳарлар белгиси” нафақат шаҳарлар ўртасидаги географик масофани кўрсатувчи белги, балки дунёнинг турли бурчакларидаги халқларни дўстлик ва ўзаро ҳурмат орқали бирлаштирувчи рамзга айланди. Унда “Тошкент” номининг акс этиши Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасидаги кўп йиллик мустаҳкам дўстлик анъаналарининг ёрқин ифодаси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси