“Йил ўқитувчиси” танлови 208 ғолибининг ҳар бири 616 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланади

Сентябрь 20, 2026. 16:30 • 2 дақ

51
“Йил ўқитувчиси” танлови 208 ғолибининг ҳар бири 616 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланади

ТОШКЕНТ, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Педагоглар ўртасида йилнинг энг йирик касбий беллашуви – “Йил ўқитувчиси” танловининг илк ғолиблари аниқланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган мазкур танловда республика бўйлаб 46 минг нафардан зиёд педагог иштирок этди. Улар орасидан 208 нафар ўқитувчи ўз ҳудудида биринчи ўринни эгаллади.

Беллашувлар жараёнида педагогларнинг касбий салоҳиятини юзага чиқариш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Танловнинг энг эътиборли жиҳати ғолибларга берилган мукофот пули миқдоридир. 208 та туман ва шаҳарнинг ҳар биридан ғолиб бўлган педагог 616 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади. Бу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 минг 400 бараварига тенг.

Бу йил илк бор ўтказилган танлов нафақат ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини намоён этиши, балки педагог меҳнати ва унинг жамиятдаги аҳамиятини муносиб рағбатлантиришга қаратилган йирик ташаббус сифатида намоён бўлди.

Жорий йилги танловда иштирокчилар сонининг 46 мингдан ошгани педагоглар ўртасида касбий рақобат ва қизиқиш юқори эканини кўрсатади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳудудида энг яхши натижани қайд этиш учун астойдил беллашди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш