Варшавада Ўзбекистон тарихи ва бугунги кунини ўзида уйғунлаштирган ноодатий кўргазма бўлиб ўтди
Июль 03, 2025. 10:08 • 2 дақ
• 547
ВАРШАВА, 3-июль. /"Дунё" АА/. Варшавада таниқли фотосуратчи Станислав Чернявскийнинг Ўзбекистон тарихи ва бугунги кунига бағишланган кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўргазманинг очилиш маросимида Польша эксперт, академик доиралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Станислав Чернявскийнинг айтишича, мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг бой тарихий меросининг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи оқ-қора рангдаги суратлар тўплами тақдим этилган. Ушбу кўргазма томошабинни қадимий Хоразм воҳаси сари саёҳатга чорлайди.
– Тўлиқ плёнкада суратга олинган бу тасвирлар ўтмиш ва бугун ўртасидаги чегарани тақдим этади. Аналог фотографияга хос бўлган усулда суратга олинган ҳар бир асарда ҳақиқий ҳаёт акс эттирилган. Гўё биз узоқ вақтдан бери йўқолган тарихий архивнинг тасодифий топилмасини кўриб тургандек бўламиз, – дейди у.
Кўргазмада польшалик фотомухбирнинг Ғарбий Ўзбекистон бўйлаб экспедициясига, хусусан, қадимги Хоразмнинг сирли қалъаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унинг фотообъективи қуёш нурида "пишган" заминнинг гўзаллигини, қадимий қалъалар деворларини ва кўп асрлик меъморчиликнинг нозик тафсилотларини тарихга муҳрлаган.
Қизилқум саҳросининг бепоён кенгликларидан тортиб, Самарқанддаги Регистон мажмуасида жойлашган маҳобатли мадрасаларга оид ҳар бир суратда сулолаларнинг юксалиши ва қулаши, минг йиллар давомида сақланиб қолган урф-одатлар, ўтмиш билан бугунги кунни боғлаб турган чин инсоний туйғулар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ушбу кўргазма нафақат Ўзбекистоннинг шонли ўтмишининг асл изларини акс эттиради, балки қадимий масканлар ва бугунги кунда уларда яшаётган одамлар ўртасидаги жонли мулоқотни ҳам тақдим этади.
Шунингдек, мазкур кўргазма Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга, балки ички саёҳатга ҳам ундайди. Бу орқали биз шахсий ҳаётимиз доирасидан четга чиқиб, давом этаётган тарихнинг бир қисми эканлигимизни янада теранроқ англаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Буюк Британия билан янги авиақатновлар йўлга қўйилди
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда