Исроилнинг Ғазо секторидаги шифохонага берган зарбаси оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди
Ноябрь 12, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 160
ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнис шаҳрида жойлашган Носир тиббиёт мажмуасига берган авиазарбаси оқибатида камида олти нафар фаластинлик ҳалок бўлди ва 20 га яқин киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, зарба жарроҳлик ва интенсив терапия (реанимация) бўлимлари жойлашган бинога берилган.
Тиббиёт мажмуаси директори Роид ад-Даҳшаннинг маълум қилишича, ракета бинони вертикал равишда тешиб кириб, бир неча қаватни бузиб ўтган ва жиддий вайронагарчиликка сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, айрим жабрланганларнинг аҳволи оғир бўлиб, хавотир уйғотмоқда. Шу боис қурбонлар сони яна ортиши мумкин.
Исроил мудофаа армияси мазкур операциядан кўзланган мақсад ҲАМАС қуролли қанотининг қўмондони ва бошқа жангариларни йўқ қилиш бўлгани, улар Исроил томонининг даъвосига кўра, ушбу шифохонадан ҳужумларни режалаштириш штаби сифатида фойдаланганини маълум қилди.
ҲАМАС бу баёнотларни рад этиб, юз берган ҳодисани ҳарбий жиноят ҳамда тиббиёт муассасасига берилган зарбани оқлашга уриниш деб баҳолади.
Носир тиббиёт мажмуаси Ғазо секторидаги энг йирик шифохоналардан бири ҳамда Хон-Юнисда фаолият юритаётган асосий тиббиёт муассасаси ҳисобланади ва анклав жанубидаги қарийб 500 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Маҳаллий манбаларнинг қайд этишича, сўнгги бир неча йил ичида мажмуа бир неча бор Исроил зарбаларига нишон бўлган.
Сектор соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида 74 минг 650 дан ортиқ фаластинлик ҳаётдан кўз юмди. 2025 йил октябрь ойида сулҳ битими кучга кирганидан буён қурбонлар сони 1620 нафардан ошди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси