Анқара шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали очилди
Сентябрь 03, 2024. 08:48 • 2 дақ
• 567
AНҚАРА, 3 сентябрь /"Дунё" АА/. "Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" шиори остида Туркияда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги тадбирлари доирасида Анқара шаҳри Кечиўрен туманида буюк аждодимиз, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Кечиўрен тумани ташаббуси билан ўтказилган тадбирда, Туркия Ташқи ишлари вазирлиги, ТУРКСОЙ ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган элчи Алишер Аъзамхўжаев буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилишида ҳисса қўшганлар, жумладан, Кечиўрен тумани ҳокимлиги ҳамда Башкент университети Алишер Навоий тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзалга алоҳида миннатдорлик билдирди. Алишер Навоий сиймосининг Ўзбекистон халқи учун нақадар муҳимлигини қайд этган дипломат сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк бобомизнинг хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлади.
"Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк бобомизнинг бой ва серқирра меросини чуқур ўрганиш, унинг барҳаёт фикр-ғояларини юртимиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Бу борада 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти таклифлари билан 2021 йилда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий халқаро мукофоти таъсис этилди. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди тузилди. Келгуси йилларда хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш мақсадида, Алишер Навоий халқаро институти ва унинг хориждаги филиалларини очиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул ва Боку шаҳарларида Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилган. Бинобарин, Анқарада буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкалининг очилиши нафақат бизлар учун, балки Туркиядаги барча биродарларимиз, ҳаттоки бутун туркий дунёдаги қардошларимиз учун катта шараф эканига чин дилдан ишонаман", - деди элчи.
Тадбир давомида Алишер Навоий рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиб берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди
7 декабрь куни Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотига бағишланган сессия бўлиб ўтади
Ислом олами учун MWL электрон платформаси ишга туширилди