Ўзбекистон вакили тарихда илк бор Бутунжаҳон ёшлар саммитида иштирок этди
Ноябрь 07, 2025. 10:01 • 2 дақ
• 499
МЮНХЕН, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Бутунжаҳон ёшлар саммити ("One Young World Summit")да Ўзбекистон талабалар иттифоқининг Буюк Британиядаги директори Аша Бухарбаева мамлакатимиз байроғини кўтариш шарафига муяссар бўлди, деб хабар қилади "Дунё" АА мухбири.

Саммитнинг очилиш маросими Мюнхендаги Олимпия стадионида бўлиб ўтди. Унда Иордания Қироличаси Рания Аль-Абдулла, Нобель мукофоти совриндорлари Мария Ресса ва Таваккуль Карман, шунингдек, дунёнинг етакчи "Chanel", "BMW", "Siemens" ва "AstraZeneca" компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Мазкур форумнинг бу йилги йиғилиши "яшил" иқтисодиёт, таълимни ривожлантириш, замонавий илмий-технологиялардан самарали фойдаланиш, дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ирқий, миллий ва сиёсий адоватга қарши кураш мавзуларига бағишланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон вакили мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, хотин-қизларнинг таълимдаги фаоллигини оширишга қаратилган катта имкониятлар ва ташаббуслар ҳақида нутқ сўзлади.
"One Young World Summit" бутун дунёдан ёш етакчиларни тўплаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, глобал муаммоларга ечим топишга жалб қилиш мақсадида 2009 йилда Буюк Британияда ташкил этилган. Унинг бу йилги форумида 190 дан ортиқ мамлакат ёшлари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Буюк Британиядаги ватандош талабаларни бирлаштириш мақсадида Лондонда Ўзбекистон талабалари иттифоқи ташкил қилинган эди. Ҳозирда унга 500 дан ортиқ талаба аъзо бўлиб, Германия ва Италияда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси