Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли зилзила содир бўлди
Апрель 23, 2025. 18:10 • 2 дақ
• 242
ТОШКЕНТ, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида маҳаллий вақт билан 12:49 да (Тошкент вақти билан 14:49) 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси (АFAD) сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, ер қимирлаши 10 сония давом этган. Зилзила эпицентри Мармара денгизида, Силиври шаҳридан тахминан 20-30 километр жануби-ғарбда 10 километр чуқурликда жойлашган. Аввалроқ минтақада 3,9 баллик яна бир зилзила содир бўлган эди.
Туркия Ички ишлар вазири Али Эрликаянинг сўзларига кўра, Туркия фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АFAD) ҳозирча жиддий вайронагарчиликлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот бермади. Шундай бўлсада расмийлар аҳолини ҳушёр бўлишга ва бинолар ёнидан узоқроқ юришга чақирмоқда.
Туркиянинг Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқадир Урал ўғлининг маълум қилишича, Истанбулдаги дастлабки текширувларда автомобиль йўллари, аэропортлар, поездлар ва метрополитенда ҳеч қандай шикастланиш аниқланмаган. Унинг таъкидлашича жойларда назорат тадбирлари ҳали давом этмоқда.
Истанбул Шимолий Анадолу тектоник ёриғи яқиндаги сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Расмийларнинг тахминларича, шаҳардаги қарийб 1,5 миллион тураржой ва тижорат бинолари кучли зилзилалар чоғида вайрон бўлиш хавфи остида.
Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги сўнгги вайронкор зилзила 2023 йилнинг 6 февралида мамлакат жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,8 магнитудада содир бўлган. Табиий офат оқибатида 50 мингдан зиёд инсон вафот этган.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда яшаётган, ишлаётган ва таълим олаётган фуқаролар учун қулай ва тезкор алоқани таъминлаш мақсадида қуйидаги алоқа воситаларини жорий этмоқда:
Телефон ва Telegram/WhatsApp: +90 553 541 17 17
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Буюк Британия билан янги авиақатновлар йўлга қўйилди
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда