Дания Бош вазири янги коалицион ҳукуматни муваффақиятли шакллантириб, ўз лавозимини сақлаб қолди

Июнь 04, 2026. 22:55 • 2 дақ

61
Дания Бош вазири янги коалицион ҳукуматни муваффақиятли шакллантириб, ўз лавозимини сақлаб қолди

КОПЕНГАГЕН, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Дания Бош вазири Метте Фредериксен март ойидаги парламент сайловларидан сўнг икки ой давом этган сиёсий инқирозга якун ясаб, мамлакатнинг учинчи коалицион ҳукуматини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Эслатиб ўтамиз, анъанага кўра мамлакатнинг энг йирик партияси саналган Социал-демократлар партияси март ойидаги сайловларда атиги 21,8 фоиз овоз (38 та мандат) тўплаган эди – бу уларнинг 1903 йилдан буён энг ёмон натижасидир. Аввалги чақириқ билан таққослаганда, партия парламентдаги 12 ўрнини йўқотган. Шунга қарамай, 48 ёшли Метте Фредериксен инқирозга қарши самарали курашувчи лидер сифатида обрў қозонган. Унинг партияси ўнг-марказчи кучлар билан тўрт йиллик ҳамкорликдан сўнг “Яшил сўллар”, Социал-либерал партия ва “Мўътадиллар” партияси билан коалиция тузди.

Янги Вазирлар Маҳкамаси таркибидан 21 нафар вазир ўрин олди. Улар орасида собиқ Бош вазир Ларс Лёкке Расмуссен ҳам бор. У Ташқи ишлар вазири лавозимини сақлаб қолди ва АҚШ билан Гренландия суверенитети юзасидан музокараларни назорат қилишда давом этади.

Ўзгаришлар доирасида Адлия вазири Петер Хуммелгор ва Молия вазири Николай Ваммен ўз лавозимларини алмашди. Илгари ҳар икки сиёсатчи ҳам Метте Фредериксеннинг эҳтимолий ворислари сифатида кўриб чиқилаётган эди.

Шунингдек ўқинг

Бош вазирнинг таъкидлашича, ўзгаришлар ҳукуматни умумий қайта ташкил этишнинг бир қисмидир. Бир қатор алоҳида вазирликлар тугатилиб, бошқа идоралар билан бирлаштирилди.

Янги ҳукумат Дания тарихида аёллар сони эркакларникидан кўп бўлган илк кабинетга айланди.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш