Таиландда алкоголь маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилиш бўйича янги чекловлар жорий этилди

Май 15, 2026. 16:55 • 3 дақ

38
Таиландда алкоголь маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилиш бўйича янги чекловлар жорий этилди

БАНГКОК, 15 май. /“Дунё” АА/. Таиланд ОАВда алкоголь маҳсулотларини муайян жойлар ва ҳудудларда сотиш ҳамда истеъмол қилишни тартибга солувчи саккизта янги меъёрий ҳужжат расман эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур қоидалар шу йил 12 май кунидан эътиборан кучга кирди. Янги чора-тадбирлар 2008 йилда қабул қилинган “Алкоголь маҳсулотларини назорат қилиш тўғрисида”ги қонунни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Янгиланган тартибга кўра, транспорт инфратузилмаси ва давлат назоратидаги қатор ҳудудларда алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳамда истеъмол қилишга нисбатан қатъий чекловлар ўрнатилди.

Хусусан, автомобиль йўлларида, транспорт воситаларида ва қатнов қисмида тўхтаб турган автомобилларда спиртли ичимликларни сотиш тақиқланди. Мазкур чора йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва сафар давомида алкоголь истеъмоли билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган.

Шу билан бирга, темир йўл транспорти соҳасида ҳам янги чекловлар жорий этилди. Энди темир йўл вокзаллари ва поездларда алкоголь маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек ўқинг

Янги қоидалар сув ва ер усти жамоат транспорти объектларини ҳам қамраб олган. Жумладан, йўловчи пирслари, паром терминаллари, автобус бекатлари, автовокзаллар ва бошқа жамоат транспорт тугунларида алкоголь маҳсулотларини сотиш ёки истеъмол қилиш тақиқланди.

Бундан ташқари, фабрикалар ҳудудида ҳам спиртли ичимликларни сотиш ва истеъмол қилиш ман этилди. Фақат алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун истисно сақланиб қолган бўлиб, улар ўз фаолияти доирасида маҳсулот сотиши ва дегустация тадбирларини ўтказиши мумкин.

Янги тартиб давлат бошқарувидаги ҳудудларга ҳам татбиқ этилди. Давлат органлари, давлат корхоналари ва бошқа давлат муассасалари фойдаланувидаги ҳудудларда алкоголь маҳсулотларини сотиш ёки истеъмол қилиш тақиқланади. Шунингдек, давлат идоралари ва корхоналарига қарашли жамоат боғларида ҳам алкоголь маҳсулотлари сотилишига рухсат берилмайди.

Таиланд ҳукумати мазкур чораларни жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни кучайтириш ва алкоголь истеъмолига нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган сиёсатнинг бир қисми сифатида изоҳламоқда.

Таиландга сафар қиладиган Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу янги қоидалардан хабардор бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Бу, айниқса, жамоат транспортидан фойдаланиш ёки давлат ва жамоат жойларига ташриф буюриш вақтида турли тушунмовчиликлар ҳамда эҳтимолий жарималарнинг олдини олишга ёрдам беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш