Ўзбекистон вакили ФАО томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида жаҳоннинг “100 қаҳрамон аёли”дан бири деб топилди
Октябрь 19, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 136РИМ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимлари ва қишлоқ ерларини ривожлантиришда 100 қаҳрамон аёллар” рўйхати эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жорий йил 15 октябрь куни Италиянинг Рим шаҳрида жойлашган ФАО бош қароргоҳида ушбу нуфузли эътирофга сазовор бўлганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда инсонлар ҳаётини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ўзгартиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фидойи хотин-қизлар эътироф этилди.
Мазкур рўйхатдан ўзбекистонлик вакил — Фарғона вилоятидаги “Қува анори” агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфутдинова ҳам жой олди. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, соҳага инновацион ёндашувларни жорий этиш, “Анор етиштирувчилар” уюшмасини ташкил этиш ташаббуси ҳамда соҳага оид дарслик ва қўлланмалар яратишдаги хизматлари учун юксак мукофотга лойиқ кўрилди.
ФАО бош директори Цюй Дунъюй ўзбекистонлик ғолибни шахсан тақдирлаб, алоҳида учрашув чоғида бу нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тизими ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
Дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан 600 нафардан зиёд номзодлар орасидан саралаб олинган Мастурахон Сайфутдинова ўз етакчилик салоҳияти, тиришқоқлиги ва ташаббускорлиги билан жаҳоннинг “100 қаҳрамон аёли” қаторидан ўрин олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


